АсосийJamiyat

Тошкентда “Доирачилар – 2016” фестивали ўтказилди

Пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон доирачилар уюшмаси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида “Доирачилар – 2016” фестивали ўтказилди.

Доира ижрочилиги миллий мусиқа санъатимизда ўзига хос ўрин тутади. Мазкур зарбли чолғу мусиқанинг анъанавий, мақом, эстрада, кўп овозли оркестр ижрочилиги каби йўналишларида жўр бўлади.

Сайил тарзида ўтказилган фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 250 дан ортиқ ижрочи ҳамда бадиий жамоа ўз дастурини намойиш этди.  

Қатнашчиларнинг  ижро маҳорати, саҳна маданияти, миллий куйларни томошабинга етказа олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратилди.  

Фестивалнинг бош мукофотига Фарғона шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Жалолхон Охунов сазовор бўлди. 

Тадбир якунида санъат усталари ва ёш истеъдодлар иштирокида концерт  намойиш этилди.

Бошқа янгиликлар