my5
Sevimli

Сурункали гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яра касалликлари келиб чиқишининг асосий сабаблари нималар?

САЛОМАТЛИК 02.09.2021, 17:33
Сурункали гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яра касалликлари келиб чиқишининг асосий сабаблари нималар?

ССВ матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Олим Ғуломовга мурожаат қилди:

— Сурункали гастрит — ошқозон шиллиқ қавати яллиғланиши ҳамда ўзгаришлари оқибатида ундаги қайта тикланиш жараёнининг бузилиши, безлар атрофияси ва ҳаракат фаолиятининг ўзгариши билан кечадиган сурункали касаллик.

Сурункали гастрит аҳоли орасида кенг тарқалган хасталиклар гypyҳигa киради ва кўпроқ (50-80 фоиз ҳолларда) катта ёшдаги эркакларда учрайди.

Бу хасталик ҳам ўткир гастрит каби қатор омиллар таъсирида юзага келади.

Сурункали гастритнинг алиментар сабаблари қуйидагилар:

  • таом истеъмол қилиш тартиби ва сифатининг бузилиши;
  • овқатланиш оралиғининг узоқ муддат чўзилиши, таомни яхши чайнамасдан тез-тез ейиш;
  • иссиқ суюқликлар ва қаттиқ овқатларнинг ошқозон шиллиқ қаватига бевосита салбий таъсири;
  • аччиқ зираворлар ҳамда спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, тамаки ва носвой чекиш;
  • қийин ҳазм бўладиган, дудланган, ёғли таомларни мунтазам истеъмол қилиш, оч юриш, уйқудан олдин тўйиб овқатланиш;
  • истеъмол қилинадиган таомларнинг калорияси паст бўлиши, мунтазам равишда иссиқ чой ва қаҳва ичиш.
  •  касбга боғлиқ салбий таъсирлар (иссиқ цех, кимёвий бўёқ, цемент ва пахтани қайта ишлаш заводлари каби жойларда)
  • баъзан дорилар ва қишлоқ хўжалигидан айрим кимёвий воситалардан узоқ муддат ҳамда нотўғри фойдаланиш оқибатида ошқозон шиллиқ қавати зарарланади.

Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги — сурункали, қайталанувчи, қўзиш ва тинч даврлар алмашиниб келувчи касаллик бўлиб, унинг асоси — шиллиқ қаватда яра ҳосил бўлиши ҳисобланади.

Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллигининг келиб чиқиши кўп омилли бўлиб, унинг келиб чиқишига наслий, руҳий, алиментар (овқатланиш билан боғлиқ), механик, хеликобактер пилори бактерияси, зарарли одатлар ва айрим дори воситаларидан узоқ муддат фойдаланиш кабилар сабаб бўлади.

Шунингдек, асабийлашиш, стресс, ошқозон шираси ишлаб чиқарилишини кучайтирувчи аччиқ, дудланган, хамирли таомлар, пишириқлар, қуруқ ва совуқ овқатлар, овқатланиш мунтазамлигининг бузилиши, шакар маҳсулотлари, қаҳва ва бошқалар ҳам касаллик юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

 

Шарҳлар