АсосийShou-biznes

Таниқли актёр Бельмондо оламдан ўтди

'Таниқли актёр Бельмондо оламдан ўтди'ning rasmi

Кеча, 6 сентябрь куни дунё кино оламининг ёрқин вакили бўлган Жан-Поль Бельмондо 88 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.

Унинг кино оламида яратган ёрқин қиёфаси ўзбекистонлик кино ихлосмандларига бегона эмас, албатта. “Профессионал” “Сўнгги нафас”, “Ўғирлик” каби кино асарлар орқали машҳурлик пиллапоясига кўтарилган Бельмондо ҳали-ҳонуз мухлислар томонидан эсланади, хотирланади.

Аммо биргина юртимиз кино шинавандалари эмас, балки жаҳондаги миллионлаб санъат шайдолари, ашаддий ишқибозлар ҳам унинг бокс билан шуғулланганлигини билмаса керак. Ҳа, шундай, у ёшлигидан бокс билан шуғулланган. “Чарм қўлқоп”нинг гангитувчи зарбалари “таъми”ни тотган. Бир муддат Париж чемпиони бўлишга ҳам улгурган.

Ўз хотираларида бокс машғулоти ва мусобақалардаги жараёнларни эслаб, “ойнага қараб юзимдаги ўзгаришларни сезиб, боксни тарк этганман. Аммо спорт билан шуғулланиш мени кучли бўлишга ўргатди. Ҳамма нарса бой берилган тақдирда ҳам олдинга интилиш ҳиссини қалбимга айнан бокс жо қилди”, дея ўзини кино оламига бағишлаганлигини айтади Бильмандо. Шунингдек, спорт машғулотларидаги тажрибаси натижасида кўплаб фильмлардаги мураккаб трюкларни ўзи бажарган, шу орқали обрў топганлигини ҳам яширмайди актёр.

Жаҳон матбуотида Жан-Поль Бельмондо оламдан ўтганлиги ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалди. Албатта, ҳамма ҳам кетгувчидир. Лекин Бельмандо бу дунёдан жисман кетиб, қалбан қолаётганлардандир.

    Бошқа янгиликлар