Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев бизнес соҳасига имкониятларни кенгайтириш, солиқ турлари ва унинг юкини камайтириш бўйича, тизимли ишларимизни изчил давом эттирилишини таъкидлади, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
“Яхши биласизлар, 2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20% дан 15% га туширган эдик. Бу — 100 минг тадбиркор ихтиёрида 10 трлн сўм маблағ қолади, дегани. 2023 йилдан бошлаб, ушбу солиқ ставкасини 15% дан 12% га туширамиз” , — деди Президент.
Таъкидланишича, келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2% дан 1,5% га камайтирилади ва бунинг натижасида тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500 млрд сўм маблағ қолади.
Шунингдек, 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.
"Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20% дан 15% га туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади", - дея қўшимча қилган Мирзиёев.