Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда.
- Тақдим этилаётган стратегияда ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш масалалари илк бор устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП съездида.
Ҳар бир ҳудуд бўйича туман ва шаҳарлар кесимида 14 та беш йиллик дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастурларнинг мазмун-моҳияти жойлардаги сайловолди учрашувларимизда ҳар бир ҳудуд жамоатчилиги эътиборига тақдим этилади.
Урбанизация сиёсати янада такомиллаштирилади. Шу мақсадда 18 та катта, 22 та ўрта ва 80 та кичик шаҳарлар ўртасида транспорт-логистика тизими ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари амалга оширилади.
Реновация дастурлари асосида, шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар қурилади, 275 мингдан зиёд оилалар янги массивларда яшай бошлайди.
Оғир экологик шароитга қарамасдан, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Қорақалпоғистон Республикасини комплекс тарзда ривожлантиришга алоҳида ва устувор аҳамият қаратамиз.
"Тошкентда қурилишни қисқартирамиз, бўлди энди, канализацияси ҳам чидамайди, одамлари ҳам чидамайди, шаҳар бетонга айланиб кетади. Баҳаво жойга Янги Тошкент олиб чиқилади", - деди Шавкат Мирзиёев, дея хабар бермоқда съездда иштирок этаётган "Даракчи" мухбири.






