my5
Sevimli

Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 минг нафардан зиёд беморда сунъий гавҳар имплантацияси амалга оширилмоқда

САЛОМАТЛИК 16.09.2021, 19:57
Теглар: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 минг нафардан зиёд беморда сунъий гавҳар имплантацияси амалга оширилмоқда

Бугун юртимизда офтальмологларнинг биринчи халқаро Конгресси ўз ишини бошлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан “Кўз микрохирургиясининг долзарб муаммолари” мавзуида ташкил қилинган тадбир онлайн ва офлайн форматида ўтказилмоқда.

Айтиш лозимки, анжуманда иштирок этиш учун минг нафардан зиёд офтальмолог онлайн рўйхатдан ўтган, шунингдек, юртимизнинг 150 нафардан зиёд офтальмологлари – тиббиёт олий таълим муассасалари офтальмология кафедралари мудирлари, профессор олимлари, офтальмологик шифохоналар, хусусий клиникалар раҳбарлари, ҳудудларнинг бош офтальмологлари таклиф қилинган.

Анжуман мазмунли ва тўлақонли ўтиши учун дастурда офталмологиянинг деярли барча йўналишларидаги долзарб муаммолар, кенг тарқалган кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш усуллари билан боғлиқ мавзулар қамраб олинган. Бу эса иштирокчиларнинг янада чуқурроқ тажриба алмашиш ва малакасини ошириш имконини яратади.

Тадбирда таъкидланишича, юртимизда тиббиётга, хусусан, офтальмология йўналишига катта эътибор қаратилаётгани сабабли ҳозирда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази барча замонавий юқори технологик тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, биргина 2018-2020 йилларда 139 та шундай ускуналар билан таъминланди.

— Марказ офтальмология соҳаси бўйича мамлакатимиз аҳолисига ихтисослашган тиббий ёрдамни ташкил этишни мувофиқлаштирувчи ва услубий муассаса ҳисобланади. Республикада жами 49 турдаги офтальмологик касалликларни даволаш бўйича 172 турда тиббий хизматлар кўрсатилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов. — Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида 150 қатновга мўлжалланган консультатив-диагностик поликлиника, 50 ўринли стационар, кунига 50-60 та операция бажариш имконини берадиган 8 та автоматик жарроҳлик столи бир вақтда ишлайдиган жарроҳлик блоки мавжуд. 

Унинг инвестиция дастури доирасидаги қуриб битказилган 50 ўринга мўлжалланган стационар биноси, жарроҳлик бўлими тўлиқ ишга тушириладиган бўлса, қўшимча яна 40 та стационар ўрин ва 1 та жарроҳлик блоки қўшилади. Бунинг натижасида беморларга тиббий хизмат кўрсатиш қамрови янада кенгайишига эришилади.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари катаракта ва глаукома жарроҳлиги, реконструктив жарроҳлик, шох парда жарроҳлиги, лазер жарроҳлиги, болалар кўзининг микрохирургияси, пластик жарроҳлик, болалар кўзларини замонавий махсус компьютер дастурлари асосида даволаш, шунингдек, индивидуал кўз протезларини ясаш ва қўйишдан иборат.

Катаракта касаллигида факоэмулсификация усулини қўллаб, турли сунъий гавҳарлар, шунингдек, мултифокал, яъни узоқ ва яқинни кўзойнаксиз кўриш имконини берадиган сунъий гавҳар имплантацияси амалга оширилмоқда. Ҳар йили 3,5 мингдан ортиқ шундай жарроҳликлар бажарилмоқда.

Марказ касалланган шох пардани тиниқ донор шох пардага алмаштириш жарроҳлик амалиётини амалга оширадиган ягона кўз клиникасидир. Донор АҚШнинг Флорида штати, Тампа шаҳридаги “Lions Eye Institute for Transplant and Research” номли кўз банкидан келтирилади. Ҳар йили 40 га яқин оғир шох парда касалликларида уни кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти бажарилади. Бу технологияларни татбиқ этишдан аввал бундай беморлар кўрликка, ногиронликка маҳкум ёки катта маблағ сарфлаб, ҳорижга бориб даволанишга мажбур бўлар эди.

Глаукома касаллиги бўйича эса марказда йилига 700 га яқин жарроҳлик амалиёти замонавий технологиялар асосида бажарилиб, унинг 45 фоизи лазер усуллари билан амалга оширилади.

Лазер жарроҳлиги бўлимида йилига диабетик ретинопатия, глаукома, кўзнинг олд ва орқа қисмларида 2000 дан зиёд жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Ҳар йили 800 дан ортиқ оптико-реконструктив жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан “ISUZU” русумидаги автобус негизида 13 та мобил поликлиника ташкил этилган бўлиб, улар 5 хил замонавий офтальмологик ускуналар билан жиҳозланди. Ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан режа асосида ҳафтада бир-уч марта эҳтиёжга қараб, режа асосида маҳаллий мутахассислар шаҳар ва туманларга, ишлаб чиқариш корхоналарига чиқиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

2019-2020 йиллар давомида РИКМИАТМ ходимларининг жойларга чиққан ҳолда маҳорат дарслари, тиббий кўриклар ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариши натижасида, ҳудудлардан марказга мурожаатлар сони 20 фоизгача камайган.

Ҳозирда юртимизнинг 7 та ҳудуди (Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси)да марказнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг барчаси юқори технологик ускуналар билан таъминланган. Ўтган давр мобайнида марказнинг Хоразм, Термиз филиалларида факоэмулсификация, лазер жарроҳликларини даволаш усуллари, оптик когерент томография, ультратовушли биомикроскопия диагностика усуллари кенг жорий қилинди.

Қорақалпоғистон, Самарқанд, Қарши, Бухоро ва Фарғона филиалларида ҳам факоэмулсификация, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари, оптик когерент томография диагностика усули, витреоретинал, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари амалиётга татбиқ этилди.

“Кўз микрохирургиясининг долзарб муаммолари” мавзуидаги офтальмологларнинг биринчи халқаро Конгресси 17 сентябрга қадар давом этади.

Шарҳлар

Кеча юртимизда 450 нафардан ортиқ кишида коронавирус, 17 нафар кишида пневмония аниқланди

15.10.2021, 10:20

Кеча юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони 450 нафардан ошди, биргина Тошкент шаҳрида 190 нафарга яқин бемор қайд этилди. 2021 йил 14 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда...
Турмуш қуришдан аввал эмланиш керакми? ССВ жавоб берди

08.10.2021, 17:39

Соғлиқни сақлаш вазирлиги оила қуришдан аввал коронавирусга қарши вакцина билан эмланиш керак ёки керакмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб берди. Ҳар бир ота-она ўзидан соғлом зурриёд қолдиришни истайди....
Қарши шаҳар туғриқхонасида 3 нафар эгизак туғилди. Уларга Шавкат, Мирзиё ва Миромон исмлари қўйилгани айтилмоқда

02.10.2021, 16:16

Қарши шаҳар туғруқхонасида 1 октябрь куни Муродовлар оиласида 3 нафар эгизак дунёга келди.  Эгизакларнинг учаласи ҳам ўғил бола.  Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.Чақалоқлар...
Сирдарёлик онкологлар 160 дан ортиқ беморга дистанцион нур терапия муолажаларини ўтказди

30.09.2021, 14:50

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали шифокорлари онкологик касалликлар билан оғриётган беморларни даволаш, уларни умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсадида Чехия давлатида...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси