my5
Sevimli

Инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказувчи махсус марказ фаолияти йўлга қўйилади

САЛОМАТЛИК 17.09.2021, 11:36
Теглар: Инсон аъзолари
Инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказувчи махсус марказ фаолияти йўлга қўйилади

Куни кеча Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти хусусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати маълум қилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил қилинган тадбирда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишган.

Мулоқот давомида мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, шу жумладан, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар аниқ мақсадлари хусусида сўз юритилган.

– Биргина мисол, буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини хорижда катта маблағ ва вақт сарфламасдан Самарқанд вилоятида ҳам амалга ошириш мумкин бўлди, – деди Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов. – Бироқ инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчилигимизда белгиланган нормалар бугунги кун талабларига мос эмас. Қонун лойиҳасида қайд қилинган амалиёт билан боғлиқ аниқ чегара ва тартиблар белгилаб берилмоқда. Шу боис, лойиҳа, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олимлар, мутахассислар, қолаверса, кенг жамоатчилик иштирокида бугунгидай давра суҳбатларида атрофлича муҳокама қилинмоқда.

– Қонун лойиҳасида асосий мақсад одамларимиз саломатлигини тиклаш учун зарур маблағ топиш, хорижий давлат тилини тушунмаслик каби қийинчиликларга дуч келмаслигини таъминлашга қаратилган, – деди Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов. – Мисол учун, бугунги кунда вилоятимизда 67 та буйрак, 8 та жигар трансплантацияси амалга оширилган. Ушбу беморларнинг бор-йўғи 3 нафари Самарқанд шаҳрида операция қилинган. Буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти кенгайтирилиши келгусида ана шундай беморлар учун катта қулайлик бўлади.

Шунингдек, яқин вақт ичида вилоятда жигар ва юрак трансплантацияси йўлга қўйилиши, шу билан бирга ҳозирда инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш билан шуғулланувчи махсус марказ фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилаётгани ҳам таъкидланмоқда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси