my5
Sevimli

«Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга изоҳлар» китоби поляк тилида чоп этилди

ДУНЁ 17.09.2021, 14:15
«Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга изоҳлар» китоби поляк тилида чоп этилди

Варшавада академик Владимир Квинтнинг «Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга изоҳлар» китоби поляк тилида чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сиёсатчи, тарихчи, дипломат ва «Познание» нашриётининг раҳбари, профессор Владислав Соколовский таржимасидаги ушбу китоб Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб нашр этилди.

Китобда буюк арбоб, саркарда, стратег ва файласуф Амир Темурнинг фикрлари, унинг давлат қурилиши, ўша давр стратегия назарияси нуқтаи назаридан бошқарув борасидаги долзарб қарашлари ўз ифодасини топган.

«Познание» нашриёти ушбу китобнинг ноёб мазмун-моҳияти, юксак илмий ва ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда уни китобхонларга яхши таниш бўлган «Стратег кутубхонаси» туркуми доирасида чоп этди. Бу Амир Темурга бағишлаб поляк тилига таржима қилинган биринчи китобдир. Уни нашрга тайёрлаш, таржима ва таҳрир қилиш, териш ва чоп этиш ишлари 3 ой давомида амалга оширилди.

Иллюстрация ва шарҳлар билан ўқувчиларга тақдим этилган ушбу китоб 287 бетдан иборат бўлиб, академик форматда қалин муқовада нашр қилинди.

Унда муаллиф - академик Владимир Квинт ҳамда таржимон ва ношир - Владислав Соколовскийнинг, шунингдек, жаҳондаги машҳур ва эътироф топган олимлар, тадқиқотчилар, жамоат арбоблари ва публицистларнинг шарҳлари поляк, инглиз, ўзбек ва хитой тилларида ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола этилган. Улар орасида академик Дилором Юсупова, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети журналистика факультетининг декани, профессор Елена Вартанова, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева бор. Шарҳларда Амир Темур Ўрта, Жанубий ва Ғарбий Осиё тарихида муҳим роль ўйнаган, феодал тарқоқлик ва ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги ички низоларга нуқта қўйган ҳамда мамлакат ривожланиши учун тинчлик ўрнатган, бор куч-ғайратини сарфлаган давлат арбоби сифатида машҳур эканлиги таъкидланади.

Қайд этилганидек, Амир Темур ўзидан тарихий аҳамиятга молик стратегик асар – давлатни идора этишда қўлланиладиган маъмурий ва ҳарбий қонун-қоидалар ва тартибларни ўзида мужассам этган Тузукларни қолдирган. У «хулқ-атвор ва давлатни бошқаришда қўлланма» бўлган 12 қоида тизимини шакллантирган. Бу қоидалар режалаштириш, рағбатлантириш ва назорат қилиш каби стратегик бошқарувнинг асосий вазифаларини ўз ичига олади ва бирлаштиради.

Муаллифлар «Темур тузуклари»ни замонавийлик нуқтаи назаридан шарҳлаб, 600 йил аввал ифодаланган фикрларнинг долзарблигини кўрсатувчи стратегия фалсафасини бугунги кун билан боғлайди.

Уларнинг фикрича, ушбу китобнинг асосий жиҳатлари тизимлиликдан иборат бўлиб, алоҳида муаммоларни яхлит тарзда кўра билиш демакдир. Бу эса, ўз навбатида, стратегик таҳлил ва бошқарувга доир қарорлар қабул қилишнинг методологик асосини англатади.

Экспертлар Амир Темурнинг олиму уламоларга бўлган муносабатига алоҳида эътибор қаратади. Бинобарин, буюк саркарда доим уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутган ҳолда иш қилган. У нафақат тарихдан маълум бўлган буюк етакчиларнинг муваффақиятларини, балки мағлубиятларининг сабабларини ҳам таҳлил этишларини талаб қилган.

Амир Темурнинг яна бир муҳим ва ўзига хос хусусияти вазиятни тўғри баҳолашидир. Қоидалар жорий қилишда Амир Темур ижтимоий ва иқтисодий воқелик ҳамда халқнинг турмуш шароитини доимий ўрганиш муҳимлигига эътибор қаратади. У вилоятлардаги энг юқори лавозимларга аҳолига уларнинг анъана ва урф-одатлари билан яхши таниш бўлган раҳбарларни тайинлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаган.

Шарҳларда Амир Темурнинг ўз маслакдошлари, шериклари ва ғанимларига нисбатан бағрикенглиги ва тенг ҳуқуқлилиги қайд этилган. Амир Темурнинг энг муҳим ҳаётий тамойили адолат бўлиб, уни давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиори, деб атаган.

Октябрь ойида Варшавада тарихчилар, жамоат арбоблари, сиёсатшунослар, ҳарбий экспертлар ва журналистлар иштирокида ушбу китобнинг тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси