Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугун Халқаро автомобилсиз кун муносабати билан қарийб 8,5 километр йўлни пиёда босиб ўтди ва автомобилда ҳаракатланишдан ихтиёрий равишда воз кечиб, юртдошларимизга шахсий намуна кўрсатди.
Вазир пиёда босиб ўтган йўлини ўзининг фейсбук саҳифасида онлайн трансляция қилиб борди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 сентябрь - Халқаро автомобилсиз кунни жорий йилда Ўзбекистонда ҳам нишонлаш бўйича эълон қилинган ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида бугун мамлакатимизда барча раҳбарлар ва ходимларнинг шахсий намуна сифатида хизмат ва шахсий автомобилда ҳаракатланишдан ихтиёрий равишда воз кечган ҳолда иш жойига пиёда ва велосипедда келиш ҳамда жисмоний машқлар билан шуғулланиш тавсия этилган эди.
Куни кеча, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов давлат идоралари ва маҳаллий органлари раҳбарлари, таниқли маданият ва спорт вакилларини шахсий намуна кўрсатиб, 22 сентябрь “Халқаро автомобилсиз кун” тадбирларида фаол иштирок этишга чорлаган эди.






