Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерацияси ИИВига таяниб берган маълумотига кўра, мамлакатда миграция соҳасида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Россия ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи ўринбосари К.Aдзинов миграция соҳасидаги қоидаларни тубдан ўзгартирадиган катта қонун ёзилаётгани, бу чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши, мамлакат ҳудудида бўлиши, ишлаши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларга таъсир қилиши ва ҳозирда амалда бўлган қатор ҳужжатларни бекор қилишини айтган.
Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудига киришнинг иккита асосий тури бўлади: визали ва визасиз. Ҳозирда чет элликлар учун расмийлаштирилаётган барча ҳужжатлар ўрнини босадиган ягона ҳужжатни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мажбурий тиббий суғурта доирасида меҳнат мигрантларига тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий визалар олиш қоидаларини аниқлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Миграция тўғрисидаги янги қонун 2024 йилда кучга кириши мумкин.