my5
Sevimli

Ниғматилла Йўлдошев Қозоғистонда бўлиб ўтган МДҲ давлатларининг Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 31-йиғилишида иштирок этди

СИЁСАТ 24.09.2021, 18:36
Ниғматилла Йўлдошев  Қозоғистонда бўлиб ўтган МДҲ давлатларининг Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 31-йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатларнинг Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 31-йиғилишида иштирок этди. 

Мазкур йиғилишда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон Бош прокуратуралари делегациялари, шунингдек Мувофиқлаштирувчи кенгаш Котибияти, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда Прокурорлар халқаро ассоциацияси вакиллари иштирок этди.

Йиғилишга раислик қилган Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов тадбирни кириш сўзи билан очган ҳолда, барча иштирокчиларни МДҲнинг 30-йиллиги билан самимий қутлади.

Йиғилишга шарафли меҳмон сифатида таклиф этилган Прокурорлар халқаро ассоциацияси Президенти Чхоль-Кю Хван тадбир қатнашчиларига кириш сўзи билан мурожаат йўллади.

Тадбир давомида кун тартибига қўйилган масалалар муҳокама этилиб, прокуратура органларининг хавфсизликни таъминлаш, коррупция ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши кураш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш каби устувор йўналишларига доир тажриба алмашилди.

Иштирокчилар томонидан жиноятчиликка қарши кураш соҳасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, хусусан, Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларининг ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш долзарблиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ўз маърузасида хорижий ҳамкасбларни прокуратура органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан «Рақамли Ўзбекистон — 2030» Стратегияси маъқулланиб, ҳудудларни рақамли трансформация қилиш бўйича 13 та ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш бўйича 7 та дастурлар тасдиқланганлиги ва бу орқали давлат идоралари фаолиятини рақамлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларига янги туртки берганлиги таъкидланди.

Бош прокурор прокуратура органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.  

Ушбу жараёнда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилганлигига урғу берилди:

– онлайн-назорат инструментларини жорий этиш;

– маъмурий тартиб-таомиллар шаффофлигини ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини чеклаш;

– идоралараро электрон ҳамкорлик усулларини такомиллаштириш.

Электрон ҳужжат алмашинув тизимини жорий этиш соҳасидаги тажриба тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Йиғилиш якунига кўра, тегишли қарорлар, жумладан МДҲга аъзо давлатларнинг Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2022 йилда Беларусь Республикасида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шарҳлар