Ижтимоий тармоқларда "Яна бир ЙПХ ходими капот устида судраб кетилди" сарлавҳаси остида видео тарқалди. Унда ўзбошимча ҳайдовчининг тўхташ ишорасига амал қилмай, автомашина "капот"и устига ЙПХ ходимини ортган ҳолатда ҳаракатлангани тасвирланган.
Юзага келган ушбу вазият юзасидан ЙҲХББ ҳам маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани, "Сурхон соҳили" МФЙ ҳудудида ЙПХ ходими йўлнинг қатнов қисмига тўхтаган "Lacetti" русумли автомобиль ҳайдовчисининг ёнига бориб, ўзини таништириб, тўхташ қоидасини бузганлигини айтиб тегишли ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган. Ҳайдовчи ходимнинг талабини бажармасдан, автомобилини инспекторнинг устига бошқарган. Ходим қочишга улгурмасдан автомобилнинг капот қисмида осилиб қолган. Автомобиль тахминан 3,4 километр масофагача ҳаракатлангандан сўнг, ходим ерга қулаб тушган.
Шундан кейин ЙПХ ходими тан жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланмоқда.