Бугун, 26 сентябрь куни жорий йилда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган биринчи босқич курсантлари учун тантанали “Ватанга қасамёд” тадбирлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик Darakchi.uz га маълум қилди.
Қайд этилишича Қасамёд қабул қилганларнинг 4 нафари “Тўмарис издошлари” бўлган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясига янги қабул қилинган ва Ватан ҳимоясига ҳаётини бағишлашга аҳд қилган қизлардир.
Курсантлар давлатнинг муқаддас рамзи бўлган байроқни ўпиб, буюк аждодларнинг пок руҳлари олдида, Ватани олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртининг юксак ишончини оқлашга яқинлари ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида тантанали равишда онт ичганлар.
Қуролли Кучлар академиясида курсантларни Ватанга қасамёдга келтиришга бағишланган маросимда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов қатнашиб, нутқ сўзлаган ва қасамёд қабул қилган курсантларни табриклаган.
Ватанга қасамёдга келтириш маросимидан сўнг тадбир қатнашчилари учун концерт дастурлари, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали қўл жанги чиқишлари намойиш этилган.