ССВ Матбуот хизматининг соч касалликлари ва уларни даволашдаги замонавий ёндашувлар ҳақидаги саволларига Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом РАҲИМОВ жавоб берди.
— Патологик, яъни бирор касаллик ёки салбий асоратлар сабаб пайдо бўладиган соч тўкилишига олиб келадиган омиллар ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Патологик соч тўкилишининг чандиқсиз шакли учоқсиз, субтотал, тотал, универсал, лентасимон, андроген соч тўкилиши каби турларга бўлинади.
Ўчоқли соч тўкилиши – ёш болаларда ва катталарда учровчи соч касаллиги бўлиб, бошнинг сочли қисмида ёки соқол соҳасида чегараланган, думалоқ, овал шаклдаги соч тўкилиши ўчоқлари пайдо бўлади. Касалликнинг бу турида соч териси деярли ўзгармайди.
Субтотал соч тўкилиши – майда ўчоқларга яна бошқа соч тўкилиши ўчоқлари қўшилиши натижасида пайдо бўлади. Касалликнинг бу турида бош терисида узун сочлар сақланади.
Тотал соч тўкилиши – бошда соч толалари кузатилмайди, аммо тананинг бошқа соҳаларида соч ва туклар сақланади.
Универсал соч тўкилиши – бутун бош терисида сочлар, қош, киприк, соқол ва танада тукларнинг кузатилмаслиги ушбу касаллик белгисидир.
Лентасимон соч тўкилиши – касаллик энса соҳасида соч тўкилиши билан бошланиб, узун лента шаклида қулоқ супралари ёки чакка соҳаси томон ривожланади.
Андроген соч тўкилиши – бошнинг сочли қисмида андрогенлар метоболизмининг бузилиши натижасида ва бунинг соч фолликулаларига таъсири оқибатида ушбу касалликка ирсий мойиллиги бўлган инсонларда кузатилади.
— Андроген соч тўкилиши эркаклар ва аёлларда бир хил кечадими?
— Аксинча, алопеция икки жинс вакилларида ўзаро фарқли кечади. Эркакларда касаллик, одатда 20-22 ёшда бошланиб пешона устки қисмида ва тепа қисмларда кузатилади. Соч тўкилиши аксарият ҳолларда бош соҳасида ёғ безлари фаолиятининг бузилиши (себорея) ва себореяли дерматит билан бирга кечади. Аёлларда эса соч тўкилиши ўчоқлари тепа ва чакка соҳаларида учрайди, аммо тўлиқ соч тўкилиши билан кечмайди.
Алопецияни келтириб чиқарувчи сабаблар қуйидагилар:
- андроген ёки анаболик стероид гармонлар қабул қилиш;
- сочларга турли хил ташқи таъсирларнинг кўплиги;
- ирсий мойиллик ва бошқалар.
Соч тўкилиши касалликлари анамнез, тиббий кўриклар, инструментал текширувлар (дерматоскопия, трихограмма), лаборатор текширувлар, гистологик текширувлар натижасида ташхисланади ва шунга кўра даво муолажалари олиб борилади.