АсосийJamiyat

Коронавирусдан вафот этган шифокорнинг оиласига пул тўлаб берилмаётгани ССВ назоратига олинди

'Коронавирусдан вафот этган шифокорнинг оиласига пул тўлаб берилмаётгани ССВ назоратига олинди'ning rasmi

Интернет нашрларидан бирида коронавирус инфекциясига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт ходимини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан ажратилган махсус қўшимча пул маблағи ўз вақтида тўлаб берилмаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Унда Андижон вилояти Избоскан тумани Ўртаариқ маҳалласида яшаган, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалида врач-реаниматолог бўлиб фаолият юритган Абдуназар Абдуғаффоров 2020 йилнинг 20 июлида мазкур филиал директори буйруғи билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун ташкил қилинган госпиталга сафарбар этилгани, касалларни даволаш даврида коронавирус инфекциясини юқтириб олгани, керакли муолажаларга қарамай, 2020 йил 3 октябрда вафот этгани айтилади.  

Бироқ ўтган давр мобайнида тегишли қарорга мувофиқ, унинг оила аъзоларига 250 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул маблағи тўлаб берилмаётгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинди. 

"Ўрганиш натижалари ҳақида қўшимча маълумот берамиз",–дейилади хабарда.

Бошқа янгиликлар