my5
Sevimli

Инстаграмдан келган хабар хотин эрини пичоқлашига сабаб бўлди

ЖИНОЯТ 19.10.2021, 12:47
Инстаграмдан келган хабар хотин эрини пичоқлашига сабаб бўлди

Судланувчи Назира (исмлар ўзгартирилган) ўзи ишлаб келаётган клиник шифохона қабулхонасида бўла туриб, шаърий никоҳидаги турмуш ўртоғи Жасур билан ўрталарида юзага келган келишмовчилик оқибатида, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан қасддан Жасурнинг чап кўкрак қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

Суд-тиббиёт экспертизаси берган хулосага кўра, Жасурда кўкрак қафаси чап томони 7-қовурға сатҳидан кўкрак бўшлиғига кириб, диафрагмани жароҳатлаб, қорин бўшлиғига ўтувчи санчилган-кесилган яра, чап томонлама қовурғалараро артериянинг жароҳатланиши, кўкрак бўшлиғига қон қуйилиши (гемоторакс) каби жароҳатлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу жароҳатлар етказилиш вақтида ҳаёт учун хавфли бўлган, оғирлик даражаси бўйича оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши кўрсатилган.

“Жиддий жароҳат олганлигини касалхонага тушганидан сўнггина билдим...”

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Назира эълон қилинган айбига иқрор эмаслигини билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Жасур билан 2019 йил ноябрь ойидан бери шаръий никоҳдан ўтиб, яшаб келаман. Турмушимиздан бир нафар фарзандимиз бор. Ўша воқеа содир бўлган куни турмуш ўртоғим ишхонамга келди. Биргаликда ишхонам яқинида жойлашган ошхонада овқатланиб ўтирганимизда телефонимга “Инстаграм” ижтимоий тармоғи орқали аудио-хабар келди. Буни кўрган эримнинг жаҳли чиқиб, бақирганча ҳақорат қила кетди. Бегона одамлар олдида шарманда қилганидан уялиб, ишхонамга кириб кетдим. У эса орқамдан келиб, таҳдид қилганча, жанжални давом эттирди. Эримдан кетишни, шарманда қилмасликни илтимос қилиб, қабулхонага кирдим. У ерга кирганимда пичоққа кўзим тушиб, уни қўлимга олдим. Агар пичоқнинг ўрнида бошқа нарса турганида ҳам жаҳл устида қўлга олган бўлардим. Эримдан яна бир бора кетишни талаб қилдим, аммо унинг ўзини боса олмаётганини кўриб, пичоқни бир-икки маротаба силкитдим. Эрим яқинлашиб, қўлимдан пичоқни олиб қўйди. Талашиш жараёнида иккаламизнинг қўлимизни пичоқ кесиб кетди. Шундан сўнг ҳам эрим бир соатлар давомида ишхонамда бўлиб, кейин кетди. Унинг жиддий жароҳат олганлигини касалхонага тушганидан сўнггина билдим. Жанжал вақтида эрим мени қаттиқ ҳақорат қилгани учун шок ҳолатига тушиб қолганим сабабли, бўлиб ўтган воқеани тўлиқ эслай олмайман. Ўша пайтда эримнинг кийимидаги қонни кўриб, ўзимнинг кесилган қўлимдан оққан қон теккан, деб ўйлабман. Шу куни турмуш ўртоғимга қасддан тан жароҳати етказиш ниятим йўқ эди. Ҳозирда биз ярашиб, бир оила бўлиб яшаб келяпмиз. Шуларни инобатга олиб, менга енгиллик беришингизни сўрайман.

Ҳукм ўқилди

Судланувчи Назира Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисмининг “л” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланди.

Аброр САИДОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди раиси,

Лола ШОИМОВА, журналист.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси