АсосийJamiyat

Жиззах, Марғилон ва Тошкент шаҳрида қонунга зид равишда ширкат бошқаруви раислари тайинлаб келинган

'Жиззах, Марғилон ва Тошкент шаҳрида қонунга зид равишда ширкат бошқаруви раислари тайинлаб келинган'ning rasmi

Ялпи мажлисда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилиши ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлиги бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди, дея хабар бермоқда Сенат Ахборот хизмати. 

Унда маълум қилинишича, 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига республикада жами 38 373 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 25 985 таси 4 185 та уй-жой мулкдорлари ширкати ва 9 840 таси 290 та бошқарув ташкилоти, 714 таси мулкдорлар, ташкилотлар (балансида бўлгани учун) тасарруфида бошқарилади.

1 834 та кўп квартирали уй бошқарувсиз бўлиб, уларнинг аксарияти янги қурилган кўп қаватли уйлардир.

Республикадаги жами 4 185 та ширкатнинг 1 351 таси яхши, 1 658 таси ўрта ва 1 176 таси оғир тоифадаги ширкатлар сирасига киради.

Шу билан бирга, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича аксарият ширкатлар фаолияти самарасиз эканлиги, боқиманда тарзда ишлаши натижасида қарздорлик йилдан-йилга ошиб бораётганлиги, қонун ҳужжатларида кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаётганлиги каби ҳолатлар аниқланган.

Натижада мулкдорлар (аҳоли) орасида ўтказилган сўровномаларда уларнинг 27,6 фоизи ширкатлар фаолиятидан норози эканлиги, ширкат раисини сайлашда 58,9 фоиз мулкдор қатнашмагани, мажбурий бадални белгилашда 57,2 фоиз мулкдор умумий йиғилишда иштирок этмагани, 43,9 фоиз мулк эгаси мажбурий бадалнинг қаерга сарфланаётганини билмаслиги, 30 фоизи олинган кредит маблағлари тўғрисида хабари йўқлиги ва 34 фоизи эса ширкатлар томонидан бажарилган ишлардан қониқмаганлигини билдирган.

Жиззах, Марғилон шаҳарлари ва Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида қонунчилик талабларига зид равишда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари буйруқлари билан ширкат бошқаруви раислари тайинлаб келинган.

Шунингдек, ширкат бошқаруви раисининг тегишли малака сертификатига эга бўлиши кераклиги тўғрисидаги қонун талаби ҳам бажарилмаган.

 

    Бошқа янгиликлар