my5
Sevimli

"Олматадамиз. Илтимос, ёрдам беринг!" Иш излаб Қозоғистонга кетганлар қулликка тушиб қолди

ЖИНОЯТ 23.10.2021, 13:33
"Олматадамиз. Илтимос, ёрдам беринг!" Иш излаб Қозоғистонга кетганлар қулликка тушиб қолди

2021 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Фаcебоок ижтимоий тармоғидаги идоранинг расмий саҳифаси орқали фойдаланувчиларнинг биридан хабар қабул қилишди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати. 

Унга кўра, Самарқанд вилоятилик Ж.Э. ўз маълумотларини тақдим қилган ҳолда оғир аҳволга тушиб қолганини айтди. Танишининг таклифи билан Қозоғистонга ишлашга кетган Ж.Э.ga уч ойдирки паспортини ҳам, ойлигини ҳам беришмаяпти. “Ҳозир биз Олматадамиз. Илтимос, ёрдам беринг” деб хабарини якунлади.

Бу каби хабарлар минглаб мурожаатлардан ўз аҳамияти, оғирлиги билан ажралиб туради. Бундан мурожаатларнинг муаллифлари кўпинча одам савдоси қурбонига айланиб қолишганини англаб етишмайди. Аммо муаммодан хабар топган ходимлар тезкор чора кўриш зарурлигини тушунишади.

Мурожаат қилган 31 ёшли Ж.Э. билан алоқа ўрнатилди: унинг телефон рақами ва бир қатор тафсилотлар қабул қилинди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг июн ойида уни таниши Шероз Н. Шимкентга қурилиш ишларига чақирган. Бажарган ишлари учун ҳақини олмаган Ж.Э. бошқа бир ватандоши – Али Э.нинг таклифига рози бўлиб, Олмаота вилоятига боришга мажбур бўлган. Манзилган етиб келган Ж.Э.дан унинг паспортини “вақтинчалик рўйхатдан ўтиш” баҳонасида сўраб, бир неча ой давомида ҳужжатларини қайтариб бермасдан ойлик ҳам беришмаган. Суҳбат давомида аниқланишича, Ж.Э. билан бирга худди шу ҳолатга Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари – 1998-йилда туғилган Д.А. ва 2000-йилда туғилган О.У.лар ҳам тушиб қолишган.

Мазкур хабар Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ ходимлари ва “Истиқболли Авлод” Республика ижтимоий-ахборот маркази томонидан ўрганиб чиқилди. Умумий саъй-ҳаракатлар натижасида уч нафар Ўзбекистон фуқаролари эксплуатациядан озод қилиниб, зарур ёрдам ва ҳуқуқий маслаҳат олишди. Уларга Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига ҳамда Қозоғистоннинг Олмаота вилояти полиcиясига ариза билан мурожаат қилишда кўмак берилди. Ҳозирги вақтда қозоғистонлик ҳамкасбларимиз мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказмоқда.

"Ҳурматли фуқаролар! Огоҳ бўлинг. Хорижда ишлаш ҳақида сўз борганда қарор қабул қилишга ошиқманг, айниқса “иш берувчи” сизни шошилтирса сергак бўлинг, интернет орқали мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш йўлларини ўрганинг. Бу каби ҳолатга тушиб қолганингизда – бу ҳақида “Истиқболли авлод” РИАМга ёки ички ишлар органларига хабар беринг", - дейилади хабарда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси