my5
Sevimli

"Замдекан" ерда қонга беланиб ётган қизимни яна икки марта кўтариб ерга ташлаган..." Деразадан ташлаб юборилган талаба қизнинг онаси "darakchi.uz"га тафсилотларни маълум қилди

ЖАМИЯТ 27.10.2021, 17:40
"Замдекан" ерда қонга беланиб ётган қизимни яна икки марта кўтариб ерга ташлаган..." Деразадан ташлаб юборилган талаба қизнинг онаси "darakchi.uz"га тафсилотларни маълум қилди

Бугун ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Камилова Муштарийнинг декан ўринбосари томонидан зўрлашга ҳаракат қилиниб, деразадан итариб юборилгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди. Сал аввал Бош прокуратура ҳолат бўйича текширув олиб борилаётганини, Тошкент шаҳар ИИББ эса ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани ва Ю.Бағибекка нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганини маълум қилди. 

"darakchi.uz" воқеа тафсилотларини ва жабрдийда аҳволини билиш мақсадида қиз таълим олаётган олийгоҳга ва у даволанаётган шифохонада бўлди. 

Бугун соат 11:30ларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига кириб борар эканмиз, ректор ва проректорлар вазирликка чақирилгани, ҳозирда ҳеч ким йўқлиги ҳақида айтишди. Биз учрашган ОТМнинг маънавият ишлари бўйича бўлим бошлиғи Жавоҳир Жабборов дастлаб воқеадан хабари йўқлигини маълум қилди. Сўровларимиздан сўнг эса воқеа ҳақида эшитишганини, қизнинг университетнинг Профессионал таълим факультетида 3-босқич талабаси эканлигини, жабрдийда дастлаб халқ тилида "16-горбольница" деб аталувчи Тошкент шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилгани, ҳозир эса у ердан чиқиб, Тошкент травматология институтида даволанаётганини айтиб, воқеа бўйича қўшимча бирор маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

Биз воқеа содир бўлган — 18 октябрь куни Муштарий оғир аҳволда олиб келинган Тошкент шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам марказида бўлиб, беморнинг ўзи ва унинг йиғлаб ўтирган онаси билан учрашдик. 

"Қизим "Зулфия" мукофотини олишга ҳаракат қилиб юрганди. Бунинг учун 4 нафар профессордан тавсиянома керак экан. Ўша куни менга қўнғироқ қилиб ҳозир уйга боришини айтди. Кейин тавсияномани олиш учун 15:45ларда декан ўринбосарини хонасига кирган. У одам қизимдан кофе тайёрлаб беришини сўраган, Муштарий кофе тайёрлаётганида, "замдекан" аввал эшигини қулфлаган, кейин чироқни ўчирган. Қизим унинг ҳаракатларидан қўрқиб, Тошкент иқтисодиёт университетида ўқийдиган ўртоғига қўнғироқ қилиб, зудлик билан етиб келишини сўраган. Қизимнинг айтиб беришича, ўқитувчиси унга бирдан ташланган, қизим бақирган. Қўнғироқ қилиб чақирган ўртоғи ҳам 8 минутда етиб келганини айтди. Бу пайтда Муштарий хона ичида бўлган, ўртоғи унинг қайси хонада эканини билиш учун унга телефон қилиб, қулфланган хонадан қўнғироқ овози келаётганидан айнан қаерда эканини топиб олган. Эшикни тақиллатган, тепган. Қизимнинг айтишича, у эркакнинг қўлидан чиқиб кетиб, деразани очиб ёрдам сўрамоқчи бўлган. Декан ўринбосари унинг бу ҳаракатларидан ва эшикнинг тинимсиз тақиллашидан саросимага тушиб, Муштарийни кўтариб деразадан ташлаб юборган..."

Она сўзининг шу жойига келганда хўнграб йиғлаб юборди...

Дилдора опанинг маълум қилишича, Муштарий деразадан тушиб кетмаслик учун роса ҳаракат қилган. Бироқ, кучи етмаган. Қизни ташлаб юборган эркак деразани ёпиб, пардаларни туширган ва ҳеч нарса бўлмагандек эшикни очган. Бу пайтда Муштарийнинг ўртоғи деразадан нимадир тушиб кетганини овозини эшитган ва ўзи турган жойнинг ойнасидан қараб, қизни ерда кўрган. Бу декан ўринбосарининг қилмиши эканини англаб, бирдан унинг ёқасидан олган. Биргаликда Муштарийнинг олдига тушиб боришган.

"Қизим учинчи қаватдан тушиб кетган, аҳволи жуда ёмон, ҳамма жойи қон бўлган. Декан ўринбосари қизимга ёрдам кўрсатиш ўрнига қилган қилмишларини беркитиш учун, Муштарийни кўтариб яна икки марта ерга ташлаган. У қизимни ўлдирмоқчи, бу билан жиноятини ёпмоқчи бўлган. Унинг бу ҳаракатларига қизимнинг дўсти гувоҳ", - йиғлайди она.

Онанинг айтиб беришича, Муштарий дўстининг қистови ва ҳаракатлари билан декан ўринбосари билан бирга шифохонага олиб келинган. Йўлда хушида бўлмаган қиз, шифохонага етиб келганда зўрлик қилган эркакнинг турткилашидан ўзига келган. Гувоҳ йигитнинг Дилдора опага айтишича, ўша дамда декан ўринбосари Муштарийни воқеа ҳақида айтса, ўқишдан ҳайдатиб юбориш билан қўрқитган.

"Менга ўша эркакнинг ўзи қўнғироқ қилиб, "қизингиз деразадан тушиб кетди, шифохонага келинг" деб чақирди. Етиб келганимда қизимнинг дўстидан барчасини билгач, у эркакка ташландим, ҳали жавоб берашини айтдим. Аммо у "ўзимни шогирдимга шунақа қиламанми?" деб бўйнига олмади. Мен бирдан "102"га қўнғироқ қилдим. Улар 3 соатдан кейин етиб келишди. Кейинчалик барча тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим. Ректоратга ҳам чиқдим.  Ўша кунларда зўравоннинг одамлари, қариндошлари келишди, келишишни таклиф қилишди. Қатъий рад этдим", - дейди Муштарийнинг онаси.

 Дилдора опанинг маълум қилишича, биз дастлаб учрашган ОТМдаги масъул Жавоҳир Жабборов ҳам университет номидан келиб, Муштарийни айбдор Туркия ёки Корея давлатига юбориб даволатиб беришини, шикоятни қайтариб олиб, келишишни таклиф қилган. Аммо она қизининг иқтидорли, унинг орзулари ва мақсадлари буюк эканлигини айтиб, қилинган бундай жоҳилликни асло кечирмаслигини айтиб йиғлади.

"Муштарий мактабни олтин медалга тамомлаган. Ўз устахонаси бор: каштачилик қилади, турли хил тақинчоқ ва зебу зарлар ясайди. Кўплаб танлов ва конкурсларда иштирок этиб ғолиб бўлган. Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси. Унинг келажакдаги мақсад ва орзулари буюк. Бироқ мана шундай инсонларни деб фарзандим ҳозир ҳам оғир аҳволда ётибди, ҳам катта руҳий зарбага учради..." - дейди Муштарийнинг онаси.

Биз Муштарий ётган палатага кирдик. Бемор ухлаб ётганди. Онаси унинг устига чойшабини ёпиб қўймоқчи бўлиб текканида, бехосдан қўрқиб, бақириб юборди. Дилдора опа, "Тинчлан, бу менман, сени аҳволингни билгани журналистлар келишибди", - дея тинчлантирди. Муштарий, бироз оғриқдан типирчилади, кейин паст овозда "Она, ёрдам беринг", - дедида яна уйқуга кетди.

Дилдора опа Муштарийнинг қилган ишлари, эришган натижалари акс этган жамланмаларни қучиб эрта-кеч қизининг ёнида турибди. Энди Муштарий икки ой тўшакдан тура олмайди. Икки ой ўтар, аммо энди ҳаётга аввалгидек қарай оладими, буюк орзуларига эришиш учун ўзида куч топа оладими? У кўмак сўраган жамиятнинг берган зарбаси оғриқларини унута оладими? 

Биз ҳам иқтидорли қиз — Муштарий билан содир бўлган аянчли ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонуний чора кўришларидан умидвормиз. Бизнинг ўрганишларимиз ҳали давом этмоқда. Воқеа юзасидан маълум бўлган яна кўплаб тафсилотларни "Даракчи" газетасининг 44-сонида ўқишингиз мумкин. 

Фарида Эгамбердиева, журналист

Мафтуна Жўраева, фотомухбир

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси