АсосийJamiyat

"Мазкур ҳолат бўйича хабар берилмаган". Меҳнат инспекцияси Бош прокуратура марҳум ходимининг фарзандларига нафақа пуллари тўлаб берилмаётганига изоҳ берди

'"Мазкур ҳолат бўйича хабар берилмаган". Меҳнат инспекцияси Бош прокуратура марҳум ходимининг фарзандларига нафақа пуллари тўлаб берилмаётганига изоҳ берди'ning rasmi

Аввалроқ, Ўзбекистон Бош прокуратураси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори лавозимида ишлаб келган Самир Раҳмонов 26 апрель куни 33 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг, марҳум ходимнинг отаси ўғли хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этгани, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдирди. 

Айни пайтда ҳолат юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси томонидан изоҳ берилди. 

Маълум қилинишича, Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ташкилот ҳудудида ва унинг ташқарисида ходимнинг меҳнат вазифаларини бажараётганда юз берган жароҳатланиши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳисобланади.

Мазкур Низомнинг 1-бўлим, 3-бандига асосан табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиши ҳолатлари (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотларига кўра) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.

Низомнинг 3-бўлимини 2-бандига асосан гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса тўғрисида иш берувчи дарҳол схемага биноан қуйидагиларга хабар бериши керак:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига;

бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига;

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига.

Тиббий хулосага асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва вазирлигига, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига мазкур ҳолат бўйича хабар берилмаган.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати марҳумнинг отаси судга мурожаат қилганлигини маълум қилган. Суднинг 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Рахмановнинг даъвоси рад қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисидаги низомнинг 23-бандида Суд органлари томонидан қарор қабул қилингандан кейин Инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қўшимча хулосалар, тушунчалар Инспекция томонидан берилмаслиги белгиланган, дейилади хабарда. 

    Бошқа янгиликлар