sevimli
Sevimli

"Икки ёшгача бола пули барча оналарга тўлансин!". Депутат Расул Кушербаевнинг бу талабига Молия вазирлиги нима дейди?

ЖАМИЯТ 29.11.2021, 10:54
"Икки ёшгача бола пули барча оналарга тўлансин!". Депутат Расул Кушербаевнинг бу талабига Молия вазирлиги нима дейди?

Ижтимоий тармоқларда болага 2 ёшгача нафақа пулини тайинлаш масаласи ҳам кенг муҳокама бўлаётган мавзулардан бири... Бугун яна шу мавзу “жонлана” бошлади...

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бу масалага ўз муносабатини билдирди. 

Шундан сўнг "Даракчи" газетаси Молия вазирлиги билан боғланиб ҳолат бўйича изоҳ олди. 

Фаррух Сулаймонов, Молия вазирлигида бўлим бошлиғи ўринбосари:

— Табийки, аҳолини, хусусан аёллар ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар бир давлатда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, бошқа ҳар қандай масала каби ушбу масаланинг ечими ҳам ўз иқтисодий нархига эга. Ушбу масала билан боғлиқ бошқа муаммолар мавжудлигини ва шу муаммоларни ҳал этмасдан асосий, яъни барча аёлларни ҳомиладорлик ва бола парвариши бўйича нафақалар билан қамраб олиш мақсадига етиш имкони бўлмаслигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. 

Биринчидан, кўплаб мамлакатларда ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда бола парвариши бўйича нафақалар Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган ижтимоий суғурта жамғарма маблағлари хисобидан тўланишини таъкидлаш зарур. Мазкур жамғармаларнинг маблағлари турли мамлакатларда иш берувчилар ёки меҳнат фаолиятини юритаётган шахслар ва давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам маблағлари (яъни ижтимоий таъминотнинг кафолатланган минимал даражасидаги тўплами) ҳисобидан шакллантирилади. 

Бундай жамғармани Ўзбекистон Республикасида ҳам қайта тиклаш мумкин. Аммо шу ерда 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси доирасида солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик субъектларини солиққа тортишдаги номутаносибликларни қисқартириш ҳамда норасмий иқтисодий фаолиятни расмийлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилганлигини унутмаслик зарур. Шу жумладан: 

а) барча юридик шахслар учун (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) ягона ижтимоий тўлов (ҳозирги кунда ижтимоий солиқ) ставкаси 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди; 

б) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоблаш ва солиққа тортиш бўйича янги тизими ишга туширилди. Натижада, даромад солиғининг максимал ставкаси 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди; 

в) фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоиз миқдордаги суғурта бадаллари бекор қилинди.

Шундай қилиб, Ижтимоий суғурта жамғармасига суғурта бадалларини киритишни жорий этиш хусусий секторга яқиндагина камайтирилган солиқ юкини қайта кўпайтиради ва “домино эффекти” натижасида хусусий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойларини яратиш ва яширин иқтисодий фаолиятни расмийлаштиришга салбий таъсир кўрсатиб, умумий иқтисодий ривожланиш суръатига путур етказади ва Давлат бюджети тушумларининг камайишига олиб келади. 

Иккинчидан, ушбу масаланинг ечимини қидиришда миллий иқтисодиётнинг хусусиятларига алоҳида аҳамият бериш лозим. Хусусан, 13,2 миллиондан ортиқ иқтисодиётнинг турли секторларида меҳнат фаолиятини юритаётган юртдошларимиздан фақат 5,7 миллионигина (банд бўлган аҳолининг 43 фоизини ташкил этади) расмий секторда иш билан таъминланган. Аҳолининг айнан шу камчилик қисми Давлат бюджети маблағларини шакллантирувчи солиқ ва йиғимлар тўловини амалга оширади. Банд бўлган аҳолининг қолган қисми эса иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат фаолиятини юритаётган шахслар ва хорижий давлатларга чиқиб кетган меҳнат мигрантларидан иборатдир. Табиийки, бундай ҳолат Давлат бюджети имкониятларини сезиларли даражада чеклайди. 

Яъни аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш бўйича чоралар давлат харажатларини ошириши туфайли қўшимча маблағ манбаларини излаш мажбуриятини туғдиради. Қўшимча маблағларни икки йўл билан жамлаш имконияти бор: солиқ ставкаларини кўтариш ёки ташқи ва ички қарз маблағларини жалб этиш орқали. Биринчи йўл ҳақида юқорида гап юритилди, иккинчи йўл эса маълум хавф-хатарларнинг мавжудлиги туфайли номақбул ҳисобланади. 

Табийки, ушбу муаммолар ечимсиз эмас, аммо уларни ҳал этишда холисона ва эҳтиёткорлик билан ёндашиш тавсия этилади. Оддий қилиб таърифлаганда, етти ўлчаб бир кесиш лозим. Юқоридаги муаммолар ва масалалардан келиб чиққан холда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий тизимни мустаҳкамлаш бўйича Қўшма дастури билан ҳамкорликда (ЮНИСЕФ, ХМТ ва БМТнинг ривожланиш дастурини жалб этган дастур) 2022–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Мазкур лойиҳа доирасида: 1) Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш; 2) биринчи босқичда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалар Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланиши масалалари кўриб чиқилмоқда. 

Мафтуна ЖЎРАЕВА

"Даракчи" газетаси 2021 йил 25 ноябрь сонидан

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси