sevimli
Sevimli

"ИИБ ходими оғир, босиқ ва маданиятли бўлиши керак-ку". Қашқадарё ҳокими Чироқчидаги ҳолатга муносабат билдирди

ЖАМИЯТ 30.11.2021, 10:11
"ИИБ ходими оғир, босиқ ва маданиятли бўлиши керак-ку". Қашқадарё ҳокими Чироқчидаги ҳолатга муносабат билдирди

Аввалроқ, Чироқчида ЙПХ ходими талабига бўйсинмаган ҳайдовчининг машинасини ойналари синдирилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Шундан сўнг, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ҳолат бўйича расмий баёнот берган бўлса-да ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов вилоят сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда вазиятга нисбатан ўз муносабатини билдирди. 

"Ижтимоий тармоқларда тарқалган Чироқчидаги фуқаро ва ИИБ ходимлари ўртасидаги ҳолатни ҳам оқламайман. ИИБ ходими оғир, босиқ ва маданиятли бўлиши керак-ку. Майли, ҳайдовчи айбдор, лекин ИИБ ходими бундай пайтда ақл билан иш тутиши керак. Қочса ҳам 1 соатда топиш имкони мавжуд-ку ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган даврда",–деди вилоят раҳбари.

Бундан ташқари йиғилишга раҳбарлик қилган вилоят ҳокими Муротжон Азимов барча соҳалардаги қилинган ва қилиниши керак бўлган ишларга тўхталди. Муаммоли кредит, солиқ тушумлари, аҳоли мурожаатлари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда бутун дунёни ташвишга солаётган озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ҳам муҳокама қилинди.  

"Мурожаатлар билан ишлаш ҳар бир раҳбар ходимнинг биринчи галдаги вазифаси бўлсин, - деди вилоят ҳокими. Мурожаатлар ортида одамларнинг орзуси, умиди, дарди, тақдири бор. Вилоятни иқтисодий юксалтириш, ижтимоий муаммоларини самарали ҳал қилиш, уни республикада намунали ҳудудга айлантириш учун бир тану бир жон бўлиб ишлашимиз керак.

Журналист ва блогерларга раҳмат айтаман, энг ўткир ва долзарб масалаларни дадил олиб чиқишмоқда, жамоатчилик ва раҳбарлар эътиборини қаратмоқда, натижада муаммолар ижобий ечим топиб, аҳоли манфаатларига хизмат қилаяпти. Ҳар бир танқидий лавҳа ёки чиқишга тезкорлик билан жавоб беришни, муносабат билдирилишини қатъий талаб қиламан! Айрим чиқишлар нохолис хабар бўлса ҳам охиригача ўрганиб, тезкор раддия беришни ҳам ташкил қилиш керак",–деди Муротжон Азимов. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси