2021 йил 26-30-ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Мадрид шаҳрида (Испания) бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 143-Ассамблеяси ишида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар қилди.
“Демократия учун замонавий таҳдидлар: тафовутларни енгиб ўтиш ва ҳамжамиятларни барпо этиш” мавзусидаги Ассамблеяда Парламент Ассамблеясига аъзо 123 та парламент, 20 та кузатувчи давлат ва 8 та халқаро ташкилотдан 1,5 мингга яқин делегат иштирок этмоқда.
Тадбирни Испания қироли Фелипе IV очиб берди ва парламентларни демократиянинг муҳим марказий институти деб ҳисоблашини таъкидлади.
БМТ Бош Ассамблеяси Раиси А.Шаҳид ва Бош котиби А.Гутерриш ҳам парламент дипломатиясининг устувор роли, шунингдек, БМТ битимларини амалга оширишда вакиллик органлари фаолияти муҳимлигини таъкидлади. Улар БМТ ва Парламентлараро иттифоқ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга содиқ эканлигини тасдиқлади.
Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева нутқ сўзлади.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқлари ва ҳимоясини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларни мамлакат ижтимоий ҳаётига кенг жалб этиш борасида сезиларли ютуқларга эришилди.
Парламент юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева ўз нутқида Парламентлараро иттифоқига аъзо мамлакатлар делегацияларини 2022 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Парламентлар аёл раҳбарларининг навбатдаги саммитига таклиф қилди.