sevimli
Sevimli

Фарғонада «1xbet” қимор ўйинида ютқазгач, пул учун қўшнисининг ҳомиладор келинини ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 01.12.2021, 12:51
Фарғонада «1xbet” қимор ўйинида ютқазгач, пул учун қўшнисининг ҳомиладор келинини ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди

Аввалроқ, Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи 29 ёшли Улуғбек Низомов интернетдаги «1xbet” қимор ўйинларида катта миқдордаги пулни ютқазиб, уни тўлаш мақсадида қўшнисининг ҳомиладор келинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан қотилликка қўл урган шахсга суд ҳукми билан 20 йил қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар қилди. 

Маълум қилинишича, «Қорасоқол» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бу йигит ўтган йилнинг ёз ойларидан бошлаб интернет орқали мунтазам қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар ўйнаб келган. Бунинг натижасида 100 миллион сўмдан ортиқ пул ютқазиб, кўп миқдорда қарздор бўлиб қолган.

2021 йилнинг 22 июнь куни у қарзларини тўлаш учун қўшниси О.Қ.дан 2 минг доллар қарз олган. Қўшнисининг яхшилик қилиб пул бергани Улуғбекнинг ҳаловатини бузди. Қўшнимнинг уйида кўп миқдорда пул бўлиши мумкин деган тахмин уни тинч қўймади. У 23 июнь куни соат 10:00 ларда қўшнисиникида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб ўғриликка тушади. Хонадондаги мол-мулкларни яширинча қўлга киритмоқчи бўлган вақтида қўшнисининг ҳомиладор келини келиб қолади. У. Низомов қилмиши ошкор бўлишидан қўрқиб қўшни келинга пичоқ билан ҳужум қилган, танасининг турли соҳаларига тан жароҳатлари етказган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган. Аёл кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, олган тан жароҳатлари натижасида шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

2021 йил 23 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон туман прокуратураси томонидан У.Низомовга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «б», «и» бандлари (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси 3-қисми «в», «г» бандлари (уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда баданга оғир шикаст етказиб, босқинчилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг ҳукми билан У.Н. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «б», «и» бандлари, 164-моддаси 3-қисми «в», «г» бандлари билан айбли деб топилиб, унга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

–Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи бўлиб, унга тажовуз қилиш энг оғир жиноятдир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Раҳматжон Арабов. – Мазкур жиноят ишини муҳокама қилиш давомида аниқланишича, У.Низомов қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўйнашга муккасидан кетгани ҳолда интернет тармоқларидан фойдаланиб, турли спорт ўйинлари ва бошқаларга пул тикиб, кўп миқдордаги пулларни ютқазиб, қарзларидан қутилиш мақсадида ўта оғир жиноятга қўл урган. 

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этиш тақиқланган бўлсада, унинг бир йилдан ортиқ вақт давомида ана шундай ўйинларда иштирок этиб келаётгани, кўп миқдорда қарздор бўлиб қолганидан маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам, ҳудуд профилактика инспекторининг ҳам хабари бўлмаган. Мазкур салбий ҳолатларнинг бартараф этилиши ва масъулиятни янада ошириш мақсадида суд томонидан хусусий ажрим чиқарилиб, «Юқори» ҳамда «Қорасоқол» маҳалла фуқаролар йиғинларига кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиб, тегишли чора-тадбирлар кўриш учун юборилди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси