Sevimli

Ўзбекистоннинг маҳаллий тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотлари Европанинг энг йирик савдо кўргазмасида намойиш этилади

МАДАНИЯТ 01.12.2021, 19:39
Ўзбекистоннинг маҳаллий тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотлари Европанинг энг йирик савдо кўргазмасида намойиш этилади

Ўзбекистон тўқимачилик ва чарм-пойабзал корхоналари вакиллари 1-11 декабрь кунлари Польша, Италия, Франция ва Испанияда бизнес-турда бўлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Бизнес-тур Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан  Ўзбекистон жорий йилнинг апрель ойида Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициари мақомига эга бўлиши натижасида мамлакатимизга тақдим этилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, миллий маҳсулот ва брендларни Европанинг энг йирик бозорларига олиб чиқиш мақсадида ташкил этилди. Ушбу мақом Европа Иттифоқи мамлакатларига 6 минг 200 товар позициясини, шу жумладан, тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноати маҳсулотларининг кенг ассортиментини божсиз импорт қилиш ҳуқуқини беради.

Бизнес-тур доирасида ўтказиладиган тадбирларда Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ йирик тадбиркор ва экспортчилари, Европанинг 200 дан ортиқ корхоналар, ишлаб чиқарувчилар ва савдо компаниялари иштирок этади.

Тур Варшава шаҳри (Польша)дан бошланди. Бу ерда 1-3 декабрь кунлари Европанинг энг йирик «Fast Textile» тўқимачилик кўргазмаси бўлиб ўтади ва унда тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж тармоғининг 44 нафар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларини тақдим этади.

Таъкидлаш жоизки, ҳеч қачон бир вақтнинг ўзида бу миқдордаги маҳаллий корхоналар халқаро кўргазмаларда иштирок этмаган.

Ташриф доирасида навбатдаги тадбирлар Милан (Италия) ҳамда Париж (Франция) шаҳарларида ташкил этилади. Бу ерда дунёнинг энг йирик брендлари иштирокида онлайн ҳамда бевосита шаклда бизнес-форум ва «B2B» музокаралари бўлиб ўтади. Шунингдек, Ўзбекистон тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноатидаги сўнгги ютуқлар, Европа ишлаб чиқарувчилари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳамда йирик брендлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Сафарнинг якуний тадбирлари Испаниянинг Барселона ҳамда Валенсия саноат шаҳарларида бўлиб ўтади. Бу ерда ҳам Испания енгил саноати вакиллари билан бизнес-форум ва ишбилармонлар ўртасидаги учрашувлар ўтказилади.

Қўшма инвестициявий лойиҳалар ва ўзаро манфаатли савдо битимларини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларни назарда тутган ҳолда бизнес-тур Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва тармоқ ассоциацияларининг хорижий ишбилармон доиралари билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришнинг самарали воситаси бўлиши кутилмоқда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси
1