sevimli
Sevimli

Одам папиллома вирусининг 13 тури саратон касаллигини келтириб чиқаради

САЛОМАТЛИК 02.12.2021, 15:41
Одам папиллома вирусининг 13 тури саратон касаллигини келтириб чиқаради

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолиси орасида онкологик касалликларга чалиниш кўрсаткичлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айниқса, кўкрак бези, меъда, ўпка ва бачадон бўйни саратони энг кўп учраётган хасталиклар сирасига киради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича,  бачадон бўйни саратони бутунлай олдини олиш мумкин бўлган ягона онкологик касаллик ҳисобланиб, бунинг учун уни эрта аниқлаш, ташхислаш, айниқса, ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш зарур. Бу эса касалланиш ва ўлим ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради.

" — Ҳар йили мамлакатимизда 16 ёшгача бўлган болаларда миллий эмлаш календарига мувофиқ дифтерия, шол, кўкйўтал, қоқшол, вирусли гепатит В, қизамиқ, қизилча, сил ва ротавирусли инфекция каби 13 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши вакцинация тадбирлари ўтказилмоқда, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Дилором Турсунова.  

— Шунингдек, 2019 йилдан 9 ёшли қизлар 6 ой оралиқ муддат  билан 2 марта папиллома вирусига қарши эмлаш тадбирлари амалиётга татбиқ этилган. Жорий йилда эса юртимизда 12-14 ёшли қизларни 1-доза билан, 2022 йилда 2-доза билан эмлаш белгиланган. Бу орқали мамлакатимизда 14 ёшгача бўлган қизларнинг барчаси ОПВга қарши эмланади.

Маълумотларга кўра, папиллома вируси дунёда энг кўп тарқалган инфекциялардан бири ҳисобланади. Унинг 190 дан ортиқ тури бўлиб, 13 таси онкологик касалликларга сабаб бўлади. Агар ўз вақтида вакцина олинмаса, 16 ва 18-типлари бачадон бўйни саратонини келтириб чиқариши исботланган.

— Одам папиллома вируслари гуруҳи инсон танасининг турли қисмлари шиллиқ қобиқларига жиддий шикаст етказади, — дейди Д.Турсунова. — Унга қарши эмланиш 90 фоиз ҳолатда бачадон бўйни саратонининг олдини олишга имкон беради. Энг муҳими, қўлланиладиган вакциналар бутунлай хавфсиз.

Тўғри, бошқа вакциналар қатори ОПВ вакцинаси ҳам енгил ножўя таъсирларга эга. Жумладан, эмланишдан сўнг баъзан инъекция ўрни қизариши, шишиши, оғриши кузатилади. Айрим қизлар бош оғриғи, тана ҳароратининг бироз кўтарилиши ёки умумий ҳолсизликдан шикоят қилишлари мумкин. Бироқ бундан хавотирга тушиш керак эмас.

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси