АсосийJamiyat

Олийгоҳда ўтказилган тадбирда арабча ўйнаган қизлар ҳолати бўйича институт проректорларга чора кўрилди

'Олийгоҳда ўтказилган тадбирда арабча ўйнаган қизлар ҳолати бўйича институт проректорларга чора кўрилди'ning rasmi

Фарғона политехника институти Машинасозлик факультети талабалари ўртасида ўтказилган ҚВЗда қизларнинг рақси норозиликка сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Мўмин Ибодов муносабат билдирган эди. 

Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Абдуқодир Тошқулов бошчилигида  йиғилиш ўтказилди. 

Унда сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган ҳолатлар, жумладан Вестминистр университети ва Фарғона политехника институтида ўтказилган маънавий тадбирлар, кеча тунда Ўзбекистон миллий университети ҳамда Тошкент давлат техника университети талабалар турар жойларидаги кузатилган негатив видеоматериаллар бўйича ректор, проректор ва масъуллар танқид қилинди.

“Ҳозирда маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорларга биринчи проректор мақоми берилди, тьютор хизмати жорий қилинди, ҳар бир олий таълим муассасаси учун алоҳида профилактика инспекторлари бириктирилди, ҳар бир ётоқхонада тарбиячи бор, лекин шунга қарамай нега бундай ҳолатлар такрорланяпти?”, – дея масъуллардан изоҳ талаб қилди вазир.

Йиғилишда Фарғона политехника институти ва Вестминистр университети проректорларига ҳайфсан берилиб, қолган олий ўқув юртлари ректорларига ҳолатларни атрофлича ўрганиб, бугун кечга қадар масъулларга тегишли чора кўриш юзасидан топшириқ берилди.

Абдуқодир Тошқулов юқоридаги ҳолатлар вужудга келишининг асосий сабаблари сифатида олий таълим муассасалари раҳбариятининг талабабай ишламаслиги, талабалар турар жойларидаги масъулларнинг лоқайдлиги, умумпрофилактик ишлар тўғри ташкил этилмагани, ўтказилаётган тадбирларнинг натижадорлиги ва савияси пастлиги, назоратга олинмаслиги ва мувофиқлаштирилмаслигини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, бу каби маънавий, миллий қадриятлар ва менталитетимиз, одоб-ахлоқ меъёрларига зид хатти-ҳаракатлар қилган талабаларга ҳам чора кўриш зарурлиги таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар