2016-йил 5-ноябрга ўтар кечаси Хьюстон шаҳридаги (АҚШ, Техас штати) касалхонада Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг 75 ёшида вафот этди.
Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келишга ва ўз ватанида дафн қилишга қарор қилган Абдулла Ориповнинг оила а‘золарига ёрдам бериш учун Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Элчихонасига консуллик ва бошқа масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш тўғрисида кўрсатма берилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Шоир Муҳаммад Исмоилнинг Facebook`даги саҳифасида маълум қилинишича, марҳумнинг жасади ортилган самолёт Америкадан бугун соат 20:00 да етиб келади. Абдулла Орипов 8 ноябрь, сешанба куни пешинда пойтахтдаги Чиғатой қабристонига дафн этилади.
“Darakchi.uz” сайти жамоаси номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдарлик билдирамиз.