Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев Навоий вилояти бўйлаб сафар уюштиргани ҳақида аввалроқ хабар бергандик. Сафари давомида у ота-оналарнинг ёзги таътилда болалари билан қандай ишлаши ва уларни нималар билан банд қилишларини ўрганиш мақсадида оилаларга ташриф буюрди. Ўз кўрганлари билан вазирнинг ёш ўринбосари Фейсбукдаги саҳифаси орқали ўртоқлашди.
“Мўъжазгина, камтарин бир хоналик “уйда” уч фарзандли оиланинг истиқомат қилаётганини кўрдик. Улар бу уйда вақтинчалик янги уй қураётганлиги туфайли яшаётганликларини айтишди. Мен эса табиийки ишонмадим, бизнинг халқ жуда ҳам андишали ва сабрли халқ. Ҳар нарсани ҳам юз бетлаб айтаверишмайди! Шундан сўнг, болалар билан суҳбат қурдим. Оиланинг катта фарзанди (Айгерим исмли 11 ёшли қизча) жуда зеҳнли ва зукко чиқиб қолди. Бор муаммоларини бирма-бир тап тортмай айтиб берди! Албатта Халқ таълими ҳам ота-оналарнинг фарзандлари тарбияси билан шуғулланишини жуда хоҳлайди, чунки наъмунали одоб, хулқ ва фитратга, ота-она тарбияси пойдевор бўлади! Афсуски, кўпчилигимиз рўзғор ва бошқа ташвишлар билан бўлиб, энг муҳим жиҳатни (фарзанд тарбиясини) ёддан чиқарамиз. Шу масалада бу оилага ҳам қўлимиздан келганча ёрдам берайлик деб, яна туман мутасаддиларига юзландик. Уларнинг айтишича, тез кунда бу муаммони ҳал қилса бўлади. Ҳал қиламиз ҳам! Ахир шу халқимизку бизни энг оғир кунимизда ҳам қўллаб-қувватлайдиган, сабр қиладиган ва энг муҳими бизнинг халқимиз ҳамиша умид билан яшайди! Нима бўлганда ҳам, яхшиликка йўйишади ва келажакка ишониб яшашади. Балким ғалати туюлар менинг бу оҳангда ёзишим ёки кўрган-кечирганларимни ёритиб боришим, аммо бу одамлар шу каби инсонларнинг бор-йўғи икки ёки уч нафаридир! Биз бирлашсак, бунданда кўпроқ одамларга ёрдам бера оламиз!”
Алишер Саъдулаев болаларнинг вақтини унумли ўтказиш борасида ўзининг қуйидаги таклифини илгари сурди:
“Эътибор беринг, Айгерим Телевизор қаршисида сеҳрланиб қолгандай ўтирипти. Уларнинг уйида замонавий гаджетлар бўлмаслиги ва ҳатто оддий бир бадиий китобни ҳам тополмаслигингиз мумкин, лекин телевизор бор! Айгерим “Болажон” каналини жуда яхши кўрар экан, бу менда ушбу канал дастурларини янада яхшилаш ва бойитиш фикрини уйғотди. Ота-она бера олмаётган бўшлиқни оз қисмини бўлсада шу ойнаижаҳон орқали тўлдира олармиз!”