13

Ошпазликни орзу қилган жаҳон чемпиони!

Рекорд 11.12.2017, 10:45
853
Ошпазликни орзу қилган жаҳон чемпиони!

Соғлом ҳаёт ва забардаст қадди-қомат бир сўз билан айтганда — бодибилдинг. Мазкур спорт тури билан шуғулланиш истагида бўлганлар кўп. Аммо ҳамма ҳам машқлардан кўзланган асосий мақсад-муддаони тушунавермайди. Бодибилдинг нафақат танани чиниқтиради, балки шахс сифатида шаклланиш, мустақил фикрлаш қобилиятини ҳам оширади. Зеро, ҳар бир машқни тўғри бажариш, аста-секинлик билан ўз услубини ишлаб чиқиш, киши характерини чархлайди. Суҳбатдошимиз – бодибилдинг спорт тури бўйича Ўзбекистон ва жаҳон чемпиони Павел УМРЗАКОВ мақсадга эришиш йўлида қандай ҳаракатланиш кераклигини яхши билади. Айтишича... яхшиси ҳаммасини унинг ўзидан эшитинг.

— Бу йил сезиларли даражада катта ютуқларни қўлга киритдингиз, шундайми?

— Ҳа, бу йил мен учун омадли келди. Йил бошида бодибилдинг бўйича Ўзбекистон чемпионатида мутлақ ғолиб бўлдим. Сўнг Бутан қироллигида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 40-49 ёшлилар ўртасидаги “мастер” тоифасида ҳамда 90 килограмм вазнгача бўлганлар орасида иккинчи ўринни эгалладим. Таиланддаги Жаҳон чемпионатида қўлга киритган ютуғим эса унутилмас воқеа бўлди.

— Билишимизча, мазкур чемпионатда 100 килограмм вазнлилар тоифасида ҳам иштирок этибсиз?

— Аввалдан қатнашиб келган 40-49 ёшлилар бўйича гуруҳда биринчи ўринни эгалладим. Сўнг илк маротаба 100 килограммгача бўлган вазн тоифасида имкониятларимни синаб кўрдим. Буни қарангки, биринчи уринишдаёқ тўртинчи ўринни забт этдим. Бу мен учун катта ғалаба! Ўзимга бўлган ишончим янада ошди ва шуни билдимки, бундан кейин кучли спортчилар билан бемалол беллаша оламан.

— Павел Петрович, нега айнан бодибилдинг спорт турини танлагансиз?

— Ёшлигимда тўлачагина бола эдим. Асли спорт залига келишимга сабаб бўлган омил ҳам шу, ташқи кўринишимдан уялардим-да. Мураббийлар томонидан белгиланган машқларни бажариш асносида секин-аста қоматим кўркамлаша бошлади. Билдимки, машғулотларни канда қилмасам, керакли натижага эриша оламан. Шу-шу атлетлар сафига қўшилдим. Биласизми, бодибилдинг спорт тури қоматни ўзингиз истагандек шаклга келтириш имконини беради. Аммо бунинг шарти ўз устингизда ишлаш ва ҳаракат қилишдир.

— Кўзланган натижага эришиш учун қай даражада шуғулланиш керак? Эҳтимол, бунинг учун бир неча йиллар керак бўлар?

— Ҳеч бир ғалаба ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Бунинг ортида мунтазам машқ қилиш, тана имкониятларини яхши билиш ва мақсадни аниқлаштириш каби шартлар бор. Қолаверса, ҳар бир спортчининг ўз машқ дастури мавжуд. Унинг ишлаб чиқилишида атлетнинг машғулотлар давомидаги кўрсаткичлари ҳисобга олинади.

— Ҳафта давомида неча марта машқ қиласиз?

— Уч босқичли машғулотлар давомийлигига амал қиламан. Бирида мушак массасининг ортиши учун машқ қилинади, иккинчисида натижа мустаҳкамланади, учинчисида эса тери ости ёғ қавати парчаланишига куч берилади. Ҳар бир босқичда машқлар давомийлиги турлича бўлади. Умумлаштирганда эса ҳафтада уч-олти марта, кунига икки маҳал шуғулланаман.

— Атлетларнинг қай тариқа таомланиши ҳам кўпчиликка қизиқ...

— Таомнома тузишда ҳар бир инсон организми индивидуал тузилганлигини инобатга олиш лозим. Масалан, менда семиришга мойиллик бор, шу боис оқсилга бой маҳсулотларни кўпайтириб, углевод ва ёғни камайтирганман. Асосан, тухум, балиқ, парранда гўшти ва сут-қатиқ маҳсулотларини истеъмол қиламан. Барра сабзавот ва меваларни канда қилмайман, ёрмалар, гречиха, макарон, нон эса белгиланган миқдорда.

— Бодибилдинг билан шуғулланишни истаганлар учун нимани маслаҳат берасиз?

— Авваламбор, машғулотлар залига келиб, спортчиларнинг ишларини кузатишсин. Профессионал мураббийга шогирд тушишсин ва энг асосийси мақсадлари аниқ бўлсин. Яна... орзу қилишсин! Чунки орзуларнинг рўёбга чиқиш хусусияти бор-да! Бўлажак атлет кейинчалик қадди-қоматини қан­дай тасаввур қиляпти, эгалламоқчи бўлган марралари қай даражада юқори — хаёл қилсин ва у томон талпинсин, шунда барчаси чинга айланади. Мен бунга ишонаман!

Орзу “Бир пайтлар ошпаз бў­лиш­ни орзу қилардим, аммо ушбу мутахассислик бўйича ўқишга киролмаганман. Ошпазликка бўлган қизиқишим ҳали ҳам сўнмаган, қайси мамлакатга бормай, албатта ноодатий таомларни татиб кўраман. Ўзимизнинг паловхонтўрани эса қойиллатаман. Ҳатто картошка қовуриш ҳам мен учун олам-олам завқ улашади!”

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+16° ясно
Валюта курси