13

ХИЗРНИ УЧРАТГАН МАРҒИЛОНЛИК МОМО

Рекорд 12.12.2017, 13:10
4423
ХИЗРНИ УЧРАТГАН МАРҒИЛОНЛИК МОМО

Марғилонлик Марҳабо момо Йўлдошева ўзларининг таваллуд саналари ҳақида эслаб туриб, бу айнан март ойида, ўрик гуллаганда тўғри келади, дедилар.

— Туғилган йиллари 1916 йил, — дейди биз билан ўзаро суҳбатда бўлган Марҳабо момонинг кенжа қизлари Кибриё Йўлдошева.

Момо ёшликларини хотирларканлар, шаддод, шўх ва танти табиатли бўлганликлари ҳамда от минишда йигитлардан қолишмаганликларини кулиб айтдилар.

Меҳнат фаолиятларининг асосий қисми қишлоқ хўжалигида ўтган. Бригадир бўлиб 50 нафар хотин-қизга бошлиқ, чекка туман аҳолисига ипак қуртини боқишни ўргатиш, ўша даврларда саводсизликни тугатиш мақсадида ёшу кексани таълим олишида фаол қатнашишга жалб этиш каби бетиним ҳаракатда бўлган Марҳабо момонинг ажойиб хоббилари ҳам бор: Дутор чалиб қўшиқ, лапарлар, байтлар айтиш ва суҳбатдошларини қизиқ воқеалар билан кулдириш айнан уларга хос.

101 ёшли момо ҳозир ҳам 15 турга яқин мевали дарахтга бой боғ парваришига йўл-йўриқ кўрсатадилар.

— Онам ҳар доим кичикроқ ерга пахта эктирадилар, — дейди суҳбат орасида момонинг қизлари. — Ғўза ҳосили пишгач, уни ўзлари териб, пахтани чигитлаб ёстиқ-болишлар тикадилар, бундан асло эринмайдилар.

Ҳожи ая деб ҳамма ҳурмат қилган момо умр бўйи бировдан мутлақо қарз олмай, мўл-кўлчиликда яшаганларига ёрқин сабабни Хизр алайҳиссаломни учратганликлари билан боғлайдилар.

— У вақтларда равон йўллар, автоуловлар йўқ эди, — деб эслайдилар момо, — ёшлигимдан пиёда юриб чиниққанман. Бир куни Фарғонанинг даштли ҳудуди Қиргули деган жойда Қиргули мозори ёнидаги тепаликдан кетаётгандим. Ширмой нонни эҳсон қилиш учун йўлга отлангандим. Эсимда, ҳаво жуда иссиқ эди. Ўша тепаликда оппоқ кийимли, оппоқ соқолли ҳасса кўтарган чол учради. Салом бердим. Толиққандек кўринди шекилли, чолга битта ширмой нонни узатдим. Бобо “умринг узоқ бўлсин, яхшилик кўргин, ёмонлик кўрмагин”, дея дуо қилдилар. Хайрлашиб 10 қадам юрдимда, орқага ўгирилсам, оппоқ кийимли киши ғойиб бўлганди. Шундан билдимки, мен Хизр бобога дуч келган эканман. Шукр, шу пайтгача ризқим бекам бўлди.

Узоқ умр сири ҳақидаги саволга эса унинг калити ўз вақтида овқатланиш ва кам ейишда, тоза ҳавода жисмоний меҳнат билан кўп шуғулланишда, дейдилар момо.

Қизлари Кибриё опанинг айтишича, онахон маслаҳат ўрнида қуйидаги ўгитларни қайта-қайта такрорларканлар:

“Сабрли бўлинглар, меҳнатсиз яшаманглар, меҳнат қилсангиз бир меваси кўрилади, яхши кийининг, яхши енг — ҳаёт бир марта берилади, ёшлик тез ўтади, анча-мунчага эришиб қолиш керак, кексалик даври эса узоқ бўлади”.

Марҳабо момо Холматжон ота билан аҳил турмуш кечиришган. Айни кунда қаҳрамонимиз 6 нафар фарзанд — бир қиз, беш ўғил, 25 невара, 53 чевара, 25 нафар эваранинг ҳар бир бошлаган ишигаю, қилаётган меҳнатига бош-қош.

Марҳабо момодек файзли, самарали ва тоза виждон билан ўтаётган ширин ҳаёт барчамизга насиб этсин.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+12° плотный туман
Валюта курси