13

НООДАТИЙ ТАДБИРКОРЛИК

Рекорд 12.12.2017, 13:20
1514
НООДАТИЙ ТАДБИРКОРЛИК

Туялар ҳақида сўз борганда кўпчилик уни саҳро ва чўлларда юрувчи иссиқсевар ҳайвон сифатида билади. Уни сўлим тоғ бағрида доим учратавермайсиз. Қолаверса, туячилик бир қарашда истиқболи йўқ соҳадек ҳам кўринади. Аммо билиб ишлаганга чорвачиликнинг бу тармоғи кони фойда ва бошқа чорва ҳайвонларига нисбатан алоҳида жиҳатга ҳам эга. Нега дейсизми? Келинг, бу саволга Тошкент вило­ятининг Бўстонлиқ тумани сўлим Чимбойлиқ қишлоғида ўнлаб туяларни боқиб, кўпайтираётган ва бу билан самарали тадбиркорликни йўлга қўйган қаҳрамонларимиз Илҳом ака ва Зиёда опа Рўзибоевлардан жавоб топамиз. Асл касби инженер-механик бўлган Илҳом аканинг айтишича, оила аъзолари билан узоқ йиллардан буён асаларичилик, йилқичилик билан шуғулланиб келишган.Туячилик билан шуғулланаётганларига эса эндигина икки йил бўлган...

Илҳом Рўзибоев:

— Аввалига иккита, яъни бир она-бола туя олиб келгандик, ҳозирга келиб уларнинг сони 35 тадан ошди. Эрта баҳорда ҳам бир нечтаси яна болалайди. Илк марта туяларни олиб келганимизда бутун қишлоқ кўргани чиққанди. Ҳозиргача мактаб ўқувчилари экскурсия қилиб томоша қилгани келишади.

Илҳом аканинг қисқагина қилиб тугаллаган маълумотларидан Зиёда опанинг кўнгиллари тўлмай суҳбатимизга қўшилдилар.

Зиёда Рўзибоева:

— Аслида туячилик билан шуғулланишимизга катта ўғлим Илёсбек сабабчи. Чорвачилигимиз, деҳқончилигимиз сабаб ўғлим Қорақалпоғистон Республикасидан баъзи керакли техникаларни олиб келиш учун бориб-келиб турарди. Ўша пайтларда телевизор орқали ҳам туя сутининг фойдали хусусиятлари ҳақида эшитиб қолгандик. Илёсбек ҳам танишларидан бу ҳақида эшитиб, туя олиб келиб боқсак, дея бизга маслаҳат солди. Ростини айтсам аввалига у қадар қўллаб-қувватламадик — узоқ масофадан олиб келиш, тилини топиш, бунинг устига яқин орада биров боққанини кўрмаганмиз. Хуллас, келишиб, бир нечта қўйни сотиб, Қорақалпоғистон Республикасидан бир она-бола туя олиб келтирдик. Лекин улар олис масофадан соғлиги ёмон аҳволда етиб келишди. Аввал ҳеч туяга қизиқиб кўрмаганимиз, у ҳақида билмаганимиз учун “бўлди, бу туялар энди ўлиб қолади, шунча харажатимизга куйдик...”, деб ўйлаганмиз ўшанда. Худога шукрки, билган амалларимиз ва меҳр билан қараганимиз сабаб туялар кун сайин ўзини тутиб ола бошлади. Аввалига уларни оиламиз учун боқиб, сутидан фойдаланиб юрдик. Кейинчалик яқин-узоқдан туя сутининг шифобахшлигини эшитган борки, эшигимизни тақиллатиб кела бошлашди. Шундан сўнг уларнинг сонини янада кўпайтиришга, шифобахш сути билан барчани таъминлашга қарор қилдик.

— Туя боқишнинг машаққати катта бўлса керак,алоҳида шароит, кенг майдон...

Илҳом Рўзибоев:

—Биринчи олиб келган туя­мизни уйимизда боққанмиз. Ҳозир уларнинг сони анча кўп ва эндиликда туман ҳокимиятининг кўмаги билан туяларни алоҳида майдон ажратиб ўша ердапарваришлаяпмиз. Бизнинг тоғли ҳудудда янтоқ яхши бўлади, биз туяларни шу билан боқамиз. Тўғри, туячилик анча оғир. Масалан, туялар 12-13 ой ҳомиладор бўлади ваянги туғилган боласи бошқа чорва ҳайвонлариники каби туғилиши билан ўзини эплай олмайди, анча вақт алоҳида парваришга муҳтож бўлади.

Зиёда Рўзибоева:

— Туянинг нафақат сути, ҳаттоки жуни ҳам жуда фойдали. Аввалига туялардан қирқиб олинган жунларга харидорлар кўпая бошлади. 34 йил ўқитувчи бўлиб ишлаб, ҳозирда нафақадалигим, келинларимнинг ҳам борлиги сабаб туянинг жунини ҳам ўзимиз уйда қайта ишлай бошладик. Яъни, жунларни турли босқичларда тозалаб, майин ва узун турларга бўлиб маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳозирда туя жунидан келинларим билан бирга кўрпа қиляпмиз, бел оғриқларига фойдали бўлган белбоғлар ясаяпмиз ва ип йигириб турли кийимлар тўқиймиз.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+18° ясно
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11