my5
all

Янги йилда амалга оширишингиз керак бўлган 20 таклиф

СУҒДИЁНА 23.01.2018, 14:17
2324
Янги йилда амалга оширишингиз керак бўлган 20 таклиф

2017 йил якунида сизда қандай кайфият ҳукм сурди, қанақа ютуқларни қўлга киритдингиз, қанчалик бой ва мазмунли ўтказдингиз — энди уларнинг бари хотира. Янги йилнинг янги кунларидан янги ҳаёт бошлаймиз! Биз сизга режа тузиб бериш фикридан йироқмиз. Ахир ҳамманинг ўзига яраша орзу-умиди, мақсадлари ва яшаш тарзи бор. Таклифларимиз эса ҳаётингиз ранг-баранглашиши учун хизмат қилади, деган умиддамиз!

  • Ёрқин суратлар чизинг! Рассомликка уқувингиз йўқ бўлса, ўрганинг. Агар ўзингизда бу қобилиятни аллақачон кашф этган бўлсангиз, дам олиш кунларидан бирини болакайлар билан сурат чизишга бағишланг. Фарзандларингиз, жиянларингиз, ана борингки, маҳалладаги ўғил-қизлар — барини атрофингизга тўплаб, дунёни ёрқин рангларга бўянг! Тил ўрганинг. Имконим, шароитим, вақтим ёки эҳтиёжим йўқ деманг. Қўшимча дарсларга қатнаша олмасангиз, интернет, луғат, хорижий тиллардаги қўшиқларни тинглаш, фильмларни томоша қилиш, хуллас, имкониятлар кўп! Қунт қилсангиз бас!
  • 52 та китоб ўқинг! Ҳар ҳафта биттадан бирор бадиий асар ёки психологик қўлланма мутолаа қилишга одатлансангиз, йил якунига бориб, дунёқарашингиз анча бойийди. Қолаеврса, фарзандларингизда ҳам китобхонликка меҳр уйғотасиз. Ўз навбатида, ҳаётий муаммоларингиз ечимини топасиз.
  • Яхшилик қилинг! Кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзинг. Савоб бўлади, топганингизга барака киради, ўзингизга бўлган ҳурматингиз ошади.
  • Пулни йиғишни бошланг. Аввал чиройли бир идиш ёки қутича ясанг, сўнг унга ҳар куни майда пулларингиз, ҳар ойда эса йирик пуллардан солиб боринг. Шартмас бирдан идиш тўлиши, кам-камдан тўпланиб, йил якунида ўз орзуларингиздан бирини амалга оширишингиз учун маблағ бўлади.
  • Шажарангизни тузинг! Ота-боболарингизнинг суратлари, улар ҳақида маълумотларни тўплаб, шажарангизни яратинг. Буни дарахт, альбом, видео ролик шаклида оила аъзоларингизга совға қилишингиз мумкин.
  • Ҳақиқий мактуб ёзинг. Интернет, компьютер орқали эмас, ўз қўлларингиз билан! Истанг, умр йўлдошингизга, фарзандингизга, онангиз ёки синглингизга, балким узоқ пайтдан буён гаплашмаган дўстингизга хат ёзинг.
  • Юлдузларга интилинг! Баҳор-ёз оқшомларидан бирида яқинларингиз билан осмонга тикилиб, юлдуз сананг. Осмон қанчалик яқинлигини англаш — сизга узоқ вақт хушкайфият бахш этади.
  • Кўчат ўтказинг. Ўзингиз яхши кўрган мевалардан боғ яратиш учун бу йилдан кечиктирмай қадам ташланг. Кўп қаватли уйда яшайдиганлар эса гуллар ўстириши мумкин.
  • Саёҳатга чиқинг. Яқин-узоқлиги эмас, дилдан саёҳат қилиш муҳим. Кўрмаган ва кўришни орзулайдиган жойингизга боринг.
  • Ёмғир остида сайр қилинг. Соябонсиз! Албатта, шаррос қуйиб турганида эмас, майдалаб ёғаётганида.
  • Ўзгартириш ясанг! Ташқи кўринишингизда, ишингизда, уйингизда янгилик қилинг. Иккиланманг, ўзгаришлар омад олиб келади!
  • Таржимайи ҳолингизни ёзинг. Расмиятчилик учунмас, ўзингизга бўлган ишончни ошириш учун! Уни ҳазиломуз тарзда битишингиз ҳам мумкин.
  • Спорт билан шуғуланинг. Албатта, бирор спорт турининг бошини тутинг. Ўзингизга мос, қомат ва саломатликка фойдалисини.
  • Болаликка қайтинг. Масалан, катта бўлган боғчангиз, маҳаллангиз ёки ўқиган мактабингизга бориб, бир кун вақтингизни севимли масканингизда ўтказинг.
  • Яхши инсонлар билан дўстлашинг. Очилмаган қирраларингизни кашф этиш, янги нарсаларни ўрганиш учун ҳам бу муҳим!
  • Шифокор кўригини унутманг. Саломатлигингизда муаммо кузатилса, кичик ва арзимас деб санаманг-да, даво чораларини кўришни кечиктирманг.
  • Ўз бизнесингизни ташкил қилинг ва янги ғоялар устида ишланг. Масалан, мандариндан эфир ёғларини олиш, хушбўй совунлар тайёрлаш, кашта тикиб сотиш, тўқиш, чиройли декоратив нарсалар ясаш ва ҳокозалар. Қўшимча иш қўшимча даромад, қўшимча даромад эса ўзингизга хос орзу-истакларни амалга ошириш имконидир. Янги ғоялар эса сизга оламшумул омад ва машҳурлик олиб келиши, номингизни тарихга муҳрлаши ҳеч гапмас!
  • Бир ҳафта давомида уяли алоқа воситалари ва интернетсиз яшанг. Ҳамма алоқа воситаларини ўчиринг ва фақат эътиборни ўзингиз ҳамда оила аъзоларингизга қаратинг.
  • Муҳаббат изҳор қилинг! Жуфтингиз, болаларингиз, яқинларингизга ҳар куни, бирор кун канда қилмасдан уларни қанчалик яхши кўришингизни айтинг.

Булар бир қаршда оддий таклифлар. Нашримзда ҳам бот-бот такрорлангандир. Бироқ янги 2018 йилда уларни амалга оширишни ўзингизга мақсад қилинг. Ўз дунёқарашингиздан келиб чиқиб бу рўйхатни бойитинг. Бир сўз билан айтганда, ҳаётни севиб, ҳар бир янги кундан баҳра олиб яшанг!

МУХЛИСА тайёрлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+35° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81