Ташкент +32° Fri 20:25
Долзарб мавзулар Фото

Танишинг: 2018 – йил трендлари

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 26.01.2018, 09:12

Янги йилнинг биринчи ойиданоқ Париж мода ҳафталигига «старт» берилди. 2018 йилда қайси ранглар оммалашиши-ю, қай бир бичим урфга киришини билмоқчи бўлсангиз, жаҳонга машҳур дизайнерлардан эшитган қайноққина янгиликларимизга диққат қилинг.

Қизил чармга нима дейсиз?

Дизайнерларнинг таъбирича, баҳорга яқин қизилчармдан ишланган плашлар оммалашар экан. Шунингдек, ушбу тусдаги қайиқчали туфлининг ҳам бозори чаққон бўлади, деганлар йўқ эмас.

Йил ранги – сиёҳранг!

Оч, тўқ, жилосиз, товланувчи – сиёҳранг тусли матодан тикилган кўйлак ё кардиганга кўзингиз тушдими, харид қилинг. Қишнинг сўнгги ойлари ҳамда эрта баҳорда сиёҳранг матоли классик шимлар ҳам урфга киради.

«Бахрома»

Бундан 8-10 йиллар олдин урфда бўлган матоли узун шокилдалар яна подиумга қайтмоқда. Кўйлакнинг этак қисмига уланган шокилдалар эндиликда кундалик образда ҳам қўлланиши мумкин. Бундан ташқари, плаш ва кардиганларнинг бел қисмига тақиладиган алоҳида боғичли турлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Леопард принтини эслайсизми?

80-йилларда «юлдузлик» онларини бошдан кечирган леопард принтли мато бу мавсум янги рангларда қайтмоқда. Анъанавий жигарранг ва қаймоқранг тусли нақшлар эндиликда сариқ, қора ва қизил тус олади. Мода ижодкорлари қишнинг сўнгги ойларига қадар ушбу принт оммалашишини айтиб, баҳор – ёз ойларида юпқа матога туширилган нусхалари ҳам тақдим қилинишини айтишмоқда.

Ёрқин пушти дебмидингиз?..

Шу рангдаги қалин свитер қишнинг совуқ кунлари гардеробингизда етакчилик қилса, кўкламга яқин ёрқин пушти рангли плаш, енгсиз кардиган ва пиджак харид қилишингиз мумкин. Дарвоқе, йил ранги дея танланган сиёҳрангдан сўнг тўқ пушти туслари иккинчи ўринни эгалламоқда.

Бичимлар соддалашмоқда...

Олд ўйиндиғи думалоқ ёки тўртбурчак шаклда ишланган, тиззадан тушиб турувчи кўйлаклар, дизайнерлар тилида «энг мақбул бичим». Бу йил мураккаб андозалардан фойдаланилмайди. Негаки, мода ижодкорлари жисмоний фаоллик учун ҳар томонлама қулай либосларни ихтиёр этишмоқда. Бундан ташқари, 2018 йил трендлари орасида кундалик образнинг оқшом қиёфаси сифатида қўлланиши ҳам кўзда тутилган.

Поп – арт

Машҳур рассомлар яратган асарлар, кассабоп фильмлар, Голливуд актёр – актрисаларининг суратлари туширилган матонинг қавилган услубда йиғилиши – поп – арт дейилади. Йил давомида ушбу услуб ёпинчиқлар, енгли кардиган ва узун кўйлакларда кўзга ташланиши мумкин.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии