Ҳозир китоб ҳамда мутолаа мавзусида кўп ва хўп гапирилаяпти. Балки бу гаплар жонингизга ҳам тегиб улгургандир. Шундай эса-да биз ҳам китобхонликни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишга қарор қилдик. Негаки, 23 апрель – Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни. Демак, баҳона бор, айтадиганларимиз ҳам йўқ эмас.
1. Асабийликка барҳам беради
Асабийлашсангиз мусиқа эшитиб, кўчада сайр қиласизми? Бунинг ўрнига китоб ўқиб кўринг. Тадқиқотларга қараганда, 10 дақиқалик мутолаа асабийликни икки баравар камайтираркан.
2. Уйқусизлик қийнамайди
Китоб ўқиш тинчланиш ва уйқуга ҳозирлик кўришнинг энг яхши усули. Телефон ёки телевизорнинг ёрқин нури миямизга уйғониш учун сигнал беради. Тунги чироқ остида китоб ўқиш эса мияни дам олишга тайёрлайди.
3. Кўнглингиз юмшайди
Мутолаа давомида асар қаҳрамонлари кечинмалари билан яшаркансиз, унинг дардига шерик бўласиз. Оқибатда реал ҳаётда ҳам инсонларни яхшироқ тушуна бошлайсиз.
4. Мияни чархлайди
Буни-ку энди ёшликдан биласиз. Энг замонавий копьютер диагностикаси ускуналари ҳам китоб ўқигач, бир неча кун мобайнида инсон миясидан нерв толалари сони физиологик даражада кўпайишини тасдиқлади.
5. Курашишга ўргатади
Психологияга оид китобларни ўқиш тушукунликдан чиқишга, мақсадлар сари курашишга ёрдам беради.
6. Чиройингизни очади
Юқори ақлий салоҳият атрофдагиларнинг эътиборини тортмай қолмайди. Ҳар қандай мавзуда суҳбатлаша олишингиз сизни бошқалардан кўра мафтункор кўрсатади.
7. Мақсадларингизни белгилашга кўмак беради
Қаҳрамонларнинг эришган ютуқлари сизни илҳомлантириши аниқ.
8. Ижтимоий фаол бўласиз
Китоб ўқиганлар маданий ва маърифий тадбирларда фаолроқ иштирок этишини статистик маълумотлар тасдиқлайди.
9. Хатосиз ёза бошлайсиз
Китоб ўқиганларнинг ёзишмалари хатосизлиги билан кўзни яйратиши сир эмас.
10. Хорижий тилларни ўрганишга ёрдам беради
Мунтазам мутолаа янги материалларни тушуниш ва эслаб қолишга ёрдам беради, айниқса, чет тилларини ўрганишда бу қўл келади.
11. Ижодий салоҳиятингиз ўсади
Китоб ўқимай тузукроқ қўшиқ куйлаган, мусиқа ёзган, роль ижро этган, режиссёрлик қилган кимни танийсиз? Хулоса чиқараверинг.
12. Фарзандларингиз билан муносабатларингни яхшилайди
Ота-оналар фарзандларига китоб ўқиб бераркан, уларнинг ўртасида шундай мустаҳкам ришталар пайдо бўладики, буни биргаликда телевизор кўриш ёки бошқа кўнгилочар тадбирларни томоша қилиш билан солиштириб бўлмайди, дейди руҳшунослар.
13. Бой бўласиз
Китоб ўқиганлар ичида бойларнинг улуши ўқимайдиганларга нисбатан бир неча карра кўп.
14. Жиноятнинг олдини олади
Китоб ўқиганлар ичида жиноятчилар кам. Қамоқхоналарда мутолаани бошлаган жиноятчилар эса қайта қинғир йўлга қадам ташламасликлари ҳам ўрганилган.
15. Нутқингиз ривожланади
Бировларнинг ҳаёти ҳақида ўқиркансиз, ўз фикрингизни ҳам тиниқ баён этишга ўрганасиз. Кераксиз ахборотларни фильтрлаш, гапингизни бировларга уқтиришингиз осон кечади. Сўз бойлигингиз ошади.