Долзарб мавзулар Фото

Хатолар устига қурилган девор

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 17.03.2018, 13:10

Тун ярмидан оққанида сувсаб уйғониб кетдим. Елкамга рўмолимни ташлаб, ҳовлига чиқсам, бир шарпа бориб-келаяпти. Қўрқув оний лаҳзаларга мени забт этди. Шарпанинг келиним эканлигини билгач эса хавотирим янада кучайди.

— Лобар, тинчликми? — дедим мени кўриб таққа юришдан тўхтаган келинимга қараб. Кундузлари ҳаво илиган бўлса ҳам, тун салқин. У қунишибгина кеча қайнотаси очган токларнинг ёнида турарди.

— Хола, Толиб акам келмадилар, — деди Лобар йиғлагудек бўлиб.

Ўғлимнинг саёқ юришларига келин аллақачон кўниккандек эди. Ҳеч Толибга гап уқтира олмадим. Уйлангач, ҳам қуйилмади.

Ҳомиласи катталашиб қолган келинимни ошхонага бошлаб кирдим. Чой қўйдим — ичига иссиқ кирсин, қўллари музлаб қолибди.

У эса мунғайиб ўтирганча йиғлаб юборди.

— Бир соатлар олдин телефонларидан қўнғироқ қилишди. Ўртоқлари экан. Ўн беш дақиқаларда борамиз, дарвозани очиб туринг, дейишганди. Ҳалиям йўқлар.

— Вой, бизни уйғотмайсанми, бир ўзинг қўрқмайсанми дарвозани очгани, — дедим гарчи Лобарга ҳамма нарсани ҳам қайнотасига билдиравериш керакмаслигини ўзим тайинлаган бўлсам-да.

Шу пайт дарвоза томондан қадам товушлари эшитилди. Яна ҳовлига чиқдик. Икки ўртоғи ўғлимни икки ёнидан суяб олиб келишибди. Ичган. Ҳар қалай уйга келибди. Ичсаям майли, дейдиган бўлдим охирги пайтларда. Бирор кимга илакишиб уйга келмай қўйса, Лобар кетиб қолади, деб чўчирдим.

Келинга «Сен ошхонага кириб тура қол», дедим-у йигитларнинг «Энди байрам қилдик-да», дейишларига ўзимни мажбурлаб бош ирғиб, уларни меҳмонхона томонга бошладим. Дадаси уйнинг бу томонига ўтавермайди. Ўғлимни диванга ётқизганимизда ҳам ҳеч нарсани сезмади. Энди шу ётиши билан эртага тушдан кейин уйғонади. Бир гап айтсам, эслолмайди. Шунча одамнинг ярим тунда унинг дардида овора бўлганини қаерда ҳам билсин?

Энг муҳими, дадаси уйғониб қолмаса бўлди. Йўқса, яна мени уришади. «Сен айбларини мендан яшира-яшира шу даражагача олиб келдинг», дея бошлайди одатда уришишни. Ҳозир аввалгидек «Сиз ўзингиз тарбияси билан шуғулланмадингиз», дея иддао қилмайман. Жим тилимни тишлаб тураман. Келин бор ҳар ҳолда. Ўзимнинг жияним бўлса ҳам, келин деган номи бор. Бизнингча, қайноналик гаштини сураётган дугоналарим айтганича экан, келин келгач, эҳтиёркор бўлиб қоларкансиз. «Бегона кўз қараб турса, бегона қулоқ эшитиб турса, яна бир кун ўзингга жавоб бўлиб қайтиши мумкин, шу сабаб ўйлаб гапириб, етти ўлчаб, бир кесиб иш қил. Дастурхонинг ҳам тўкисроқ бўлиши керак. Хуллас, келин дегани ташвишлардан қутулдим деганимас», дейишарди улар ўғил уйлантириш ташвишига тушганимизда.

Йўғимни яшириб, боримни оширишим шартмас. Ҳамма нарса муҳайё уйда. Синглим ҳам шунинг учун рози бўлган. Орқаворатдан Толибнинг безорикларини эшитишган бўлишса ҳам, ўзимдек фикрлади — уйланса, босилиб қолар.

Мен ҳам ўзимники чидайди, дедим. Қайнона-келин жиққа мушт бўлмаймиз, қизим, боламлаб бағримга босиб ўтирсам, ўғлимнинг хурмача қилиқларига чидар, ўзи ҳам уйимизга меҳр қўйиб, эрини йўлга солиб олар, дея ўйладим. Асосийси, уйдаги гап кўчага чиқмайди. Одамлар олдида шарманда бўлмайман.

Бу фикр хаёлимдан ўтди-ю сесканиб кетдим. Ўтган ҳафта ўғлим ҳам шу гапни айтганди.

— Сиз фақат обрў-эътиборни ўйладингиз? Шарманда қилма, дегансиз нуқул менга.

— Жим бўл, даданг келадиган пайт бўлди.

— Дадам билмайди дейсизми қанақалигимни? — унинг асабийлашиб айтган гапи жонимдан ўтиб кетди.

Бирзум нима дейишни билмай тошдек қотиб қолдим-у, кейин унга гапириш бефойдалигини тушуниб, хонасидан чиқиб кетдим. Лобарга ҳам бирор фурсат эрининг кўзига кўринмай тургани дурустлигини айтдим.

Бу бола қачон шунчалик ўзгариб кетди? Тўнғичим деб аввалига эркалатган бўлишимиз мумкин. Аммо кейин ўғил бола дея тарбиясида қаттиқ турдик. Ука-синглиси туғилгач-ку овсиним қаради Толибга. Укаси ҳозир ўқишда, ўзи билан ўзи овора. Синглисини узатдик. Олти ойдан бери тиқ этган овози чиқмади. Акаси билан жанжалларимиздан чарчаб кетганди у ҳам.

Ўтган куни телевизорда бокс мусобақаси бўлаётган экан. Сал у ёқ-бу ёқдан гаплашай деб, «Бошқа каналга ол», дедим сўз бошлаш илинжида.

— Бир пайтлари боксга қатнашгани қўймагандингиз, энди томоша қилишга ҳам рухсат йўқми? — деди Толиб пультни тақ этиб столга қўяркан.

Лобар узатган чойни қандай қўлимга олиб, дастурхон устига қанақа қилиб қўйдим — билмадим.

Толиб ишхонасида қисқартириш бўлганига ҳам мени зимдан айблайди. Энди бир пайтлари боламнинг юз-кўзи кўкариб юрадими дея, бокс машғулотларига қатнаштирмай қўйганимни юзимга солаяпти. Ўзи танламаган соҳасида ўқитган ҳам мен эканман. Асли, учинчи босқичгача зўрға амалладим. Охирги марта дарсларга қатнашмагани учун ўқишдан четлатиш ҳақида уйимизга хат келганида дадасига оёғим оғрияпти, пойтахтга бориб кўрсатиб келмасам бўлмайди, дея учиб боргандим.

— Сиз бўласизми Толибнинг онаси, марҳамат, опа, ўтиринг, — деди ёши ҳали қирқларга кирмаган декан стулни кўрсатиб.

Ўқишни тиклашдан сўз очгандим, босиқлик билан дона-дона қилиб гапирди.

— Уч йилдан буён бирор марта сессиялардан ўтолмаганидан хабарингиз бўлса керак. Ҳали давомати, ҳали имтиҳон топширмагани учун ўқитувчилар Толибнинг баҳосини қўйишмайди. Аммо нуқул тепадан буйруқ келади. Мажбур ўқишини тиклаймиз. Яқинда каттароқ ёшли ўқитувчимиз нима деди, биласизми, мен мансабимни йўқотишдан қўрқиб, ректоратнинг буйруғига кўниб, сизнинг ўғлингизни ўқишда олиб қолаётган эканман. Бу кап-катта ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизлик экан. Тўғри! Тан оламан. Ёшлик қилдим шу кунгача. Ўғлингиз бизнинг дарсларимизга келмайди, демак, ҳурмат ҳам қилмайди. Ўқитувчилар уни дарсларга чақириш, аҳволини ўрганиш, қайта имтиҳон топшириш кабилар билан овора бўлишади. Бироқ охир-оқибат юқоридан кимнингдир оғзини мойлайсизлар-у ўроқда йўқ, машоқда йўқ одам нимадирлик бўлиб қолади. Йўқ, бизга пулингиз керакмас! Бизга ақалли, ўқиётган масканини ҳурмат қиладиган талаба керак. Болангизни янада масъулиятсиз қилаётганларнинг чўнтагини қаппайтиришда давом этиш-этмаслик эса ўзингизга ҳавола.

— Ука, — дея энди сўз бошлаётгандим, шартта кесди.

— Мен бу талабани факультетда олиб қололмайман. Ўша тепадаги одамингиз жуда кучли бўлса, мана, менинг ўрнимга келиб, ўзи ишласин, — деди.

Тўғриси, бундай сўзларни эшитаман деб келмагандим. Ҳал қилиб кетишимга ишонгандим. Шу кунгача ўртага тушган одам ишдан олингани учун деканатга учраша қолгандим-да.

Шу билан ўғлим ўқишдан ҳайдалди. Аммо отасига миқ этмадим. Яна бир йил сандирақлаб Тошкентда юрди. Чет элга кетиб ишлаб келишини айтганида, қатъиян ман этдим. Кейинги йил иложини қилиб ўқишини тиклатарман, дадасига бирор ёлғон топармиз, деган ўйим бор эди.

Афсус, бир йилдан кейин ҳам ўқиши тикланмади. Вилоятимизга қайтариб олиб келиб, эримнинг номини сотиб бўлса ҳам коллеж дипломи билан ишга жойладим. Ўзи ҳам тузук-қуруқ ишламади, бир йилга қолмай қисқартиришга тушди. Мана, кундузлари ухлайди, кечалари санғийди. Икки ойдан кейин болали бўладиган отанинг аҳволи шу.

Синглимнинг қизига оғиз солишимни онамга айтганимда, қарши чиққанди.

— Қуда бўлиб, опа-сингил бир-биринглардан жудо бўлманглар, дейман-да, болам. Шошма, ҳали ўғлинг ёш. Лобар ҳам энди коллежни тугатди. Толиб бир-икки йил ишласин, ўрнини топсин, рўзғорнинг бир учини кўтарадиган бўлсин, кейин бошини икки қиларсан.

Онамнинг бу гаплари кўнглимга ботди. Боламнинг ҳулқи туфайли Лобарни унга мос санамаяпти, дея хафа бўлдим. Синглим эса рўйхушлик берди. Икки катта қизи ўзлари танлаб турмушга чиқишганди. Бири эри билан Россияда, болалари синглимда қолган. Ўртанчаси икки овсини билан яшайди. Лобарни мен келин қилсам, уй-жойи тайёрлиги, қолаверса, ўзим ўқитаман, деган ваъдам турмуш ўртоғини ҳам кўндирди, адашмасам.

Ваъдамда турдим, бир ойлик келинчакни ўзимизнинг вилоятдаги институтга ўқишга киритдим. Туппа-тузук қатнаб юрганди, Толиб ишдан қолгач, фикри ўзгарди. «Бормайсан», «Ўқиб, нимани қойиллатардинг», дея минғирлайдиган одат чиқарди. Эрим тонг саҳардан ишга кетиб, кун ботганда келгани учун ўғлининг ишдан қолганидан бехабар. Лобарга ҳам ҳеч кимга сотиб қўймаслигини уқтирганман.

Хаёлимдан минг хил ўй ўтиб ошхонага кирсам, келин бир нуқтага тикилганча жим ўтирибди. Пиёлага чой ҳам қуймаган.

— Лобар, қизим, юр, хонангга кириб ёта қол. Ё қўрқаяпсанми? Унда меҳмонхонага жой солайлик. Мен ҳам сен билан ухлайман, — дедим уни юпатиш истагида.

— Хола, мен уйга кетсам-чи? — Лобар бу сўзни узоқ тайёрланиб айтгани шундоқ юз-кўзидан билиниб турарди.

— Вой, кеч бўлганда-я? — ўзимни тушунмаганга олмоқчи бўлдим.

— Эрталаб кетсам девдим. Бутунлай... — у гапини охирига етказа олмай йиғлаб юборди.

Кўз ёш қилишлар ҳомилага зарарлиги ҳақидаги маслаҳатларим, фарзандли бўлишгач, Толиб ҳам яхши томонга ўзгариши тўғрисидаги ўзим ҳам ишонишни истайдиган гапларим билан Лобарни юпатаётганимда ғира-шира тонг ёришаётганди...

— Энди жойингга кириб ухлай қол. Яхшилаб дам ол, биринчи дарсингга бормасанг ҳам, ўқитувчилар уришмас, — дея ўрнимдан турдим.

«Хўп, хола» деганидан бироз хотиржам тортиб ҳовлига чиқдим. Турмуш ўртоғим билан бугуноқ Толиб ҳақида гаплашиб олишим лозим. Бир ўзим уни йўлга сололмаслигим аниқ. Ота-ўғил ўртасида девор бўлиб, хато қилдим. Энди туғилажак неварам учун ҳам бу деворни бартараф этишим керак...

МУХЛИСА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии