my5

Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқномага тузатиш киритилди

ИҚТИСОДИЁТ 28.03.2018, 09:59
2802
Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқномага тузатиш киритилди

Молия вазирининг буйруғи билан Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқномага бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда "Norma".

Биринчидан, асосий воситаларнинг инвентарь рақамлари энди 10 белгидан иборат бўлади. Бу – ўзгармас миқдор (илгари зарурат юзага келганда кўпайтириш имконияти билан 8 белгидан иборат бўлган). Гуруҳ доирасида предметнинг тартиб рақами учун қўшимча 2 та белгининг ажратилиши ҳисобига ўзгариш рўй берди. Илгаригидек, дастлабки учта белги субсчётни, тўртинчи ва бешинчи белги – гуруҳни ифодалайди.

Иккинчидан, асосий воситалар эскиришининг қатъий меъёрлари белгиланди. Улар Солиқ кодексининг 144-моддасида келтирилган амортизация меъёрлари билан деярли бир хил. Фақат қуйидаги фарқлари мавжуд:

• Солиқ кодексида меъёрлар энг юқори ҳисобланса, Йўриқномада худди шу қийматлар аниқ деб қабул қилинади (яъни камроқ ёки кўпроқ ҳисоблаб бўлмайди);

• эскириш меъёрларининг VII гуруҳи доирасида (бошқа гуруҳларга киритилмаган активлар):

– идора мебели ва асбоблари (шу жумладан телефон аппаратлари, ҳисоблаш ускуналари ва бошқалар) учун 15 фоизлик амортизация меъёри жорий этилган (Солиқ кодексида мазкур позиция назарда тутилмаган);

– бошқа активлар учун 10 фоизлик амортизация меъёри жорий этилган (Солиқ кодексида ушбу позиция бўйича энг юқори меъёр – 15%).

Шунингдек белгиланишича, қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмаган капитал қурилиш объектлари ёки унинг қисмлари, шунингдек тугалланмаган қурилиш бўйича амортизация ҳисобланмайди. Мавсумий тусга эга бюджет ташкилотларида эса эскириш суммаси молия йили мобайнида ҳар ойда йиллик эскириш суммасининг 1/12 миқдорида ҳисобланади.

Учинчидан, белгиланишича, келгусида ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш мумкин бўлган чиқиндиларнинг кирим қилиниши 06-«Бошқа товар-моддий захиралар» ёки бошқа счётларнинг тегишли субсчётлари дебетида ва 090-«Товар (иш, хизмат)ларга харажатлар» субсчёти кредитида акс эттирилади.

Тўртинчидан, Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасига маблағларнинг келиб тушиши энди 12-«Бюджет маблағлари бўйича жорий йилдаги молиявий натижалар» счётининг тегишли субсчёти кредитида ҳам ҳисобга олинади. Илгаригидек, зарур ҳолларда 15-«Турли дебиторлар ва кредиторлар билан ҳисоб-китоблар» счёти ва бошқа счётларда ҳисобга олишга рухсат берилади.

Бешинчидан, чоракнинг сўнгги иш куни охирида харажатлар сметасида бўшаб қолган маблағлар тежаб қолинган деб ҳисобланмайдиган ва тегишли бюджетга қайтариладиган ёхуд унда қолдириладиган ҳолатлар белгиланди:

• тармоқ, штатлар ва контингент бўйича режа бажарилмаганда;
• тасдиқланган штат жадвалида назарда тутилган штат бирликлари тўлдирилмаганда;
• капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар молия йили якуни бўйича тўлиқ ўзлаштирилмаганда;
• бюджет ташкилотлари фаолияти тўхтатиб турилганда – тўхтатиб турилган давр учун;
• тасдиқланган харажатлар сметаларида назарда тутилган, давлат молиявий назорати бўйича тадбирлар давомида аниқланган ортиқча ёки қонунга хилоф равишда олинган маблағларнинг суммалари;
• қонун ҳужжатлари қабул қилиниши муносабати билан ажратиладиган маблағлар миқдорларининг қисқартирилиши суммалари;
• молия йили бошига товар-моддий қимматликларнинг нормативдан ортиқ захираларининг суммалари;
• дотациялар ва субсидияларни тўлаш учун мўлжалланиб, аммо зарурати қолмаган суммалар.

Бунда ходимлар сонининг тўлдирилмаганлиги натижасида бўшаб қолган маблағлардан бир йўла бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлиги, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажмининг ортганлиги, ўзининг асосий иши билан бирга, ишда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимчалар белгилаш учун фойдаланилиши мумкин.

Бюджет ташкилотларининг молия йилида фойдаланилмай қолган бюджетдан ташқари маблағлари кейинги молия йилига ўтади ҳамда улардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади. Ўтган молия йилида фойдаланилмай қолган маблағлар кейинги молия йилида қайта тақсимланмай, ўша мақсадларда фойдаланилади.

Бюджет ташкилоти қайта ташкил этилган (қўшиб юборилган, қўшиб олинган, ўзгартирилган) ҳолларда, бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича ҳисобваракларидаги (шахсий ғазна ҳисобварақларидаги) қолдиқ маблағлар қайта ташкил этилган бюджет ташкилоти тасарруфида қолади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Бюджет ташкилотларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари тўхтатилган ҳолларда, бюджетдан ташқари маблағлар қолдиғи мазкур ташкилот тасарруфида қолади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тугатилган бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича ҳисобварақларидаги (шахсий ғазна ҳисобварақларидаги) маблағлар қолдиғи белгиланган тартибда тегишли бюджет даромадларига ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Бюджет ташкилотларининг ҳисобварақларига (шахсий ғазна ҳисобварақларига) нотўғри келиб тушган маблағлар қайтарилиши тўловчи мурожаат қилган кундан бошлаб 10 банк куни мобайнида амалга оширилади.

Олтинчидан, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматларида бухгалтерия ҳисоби Йўриқномага мувофиқ тобе муассасалар кесимида алоҳида юритилиши аниқлаштирилган. Параллель равишда 180-«Юқори ва қуйи ташкилотлар ўртасидаги бошқа ҳисоб-китоблар» субсчётида энди марказлашган тартибда берилган моддий активлар билан боғлиқ операциялар ҳисобга олинмаслиги белгиланди.

Еттинчидан, ишлаб чиқарилган товарлар (ишлар, хизматлар) таннархига киритилмайдиган давр харажатлари 211-«Давр харажатлари» субсчёти дебети ва харажатларни ҳисобга олувчи тегишли субсчётлар кредитида ҳисобга олиниши акс эттирилди.

Ҳужжат 18.03.2018 йилдан кучга кирди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+25° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81