Ташкент +4° Wed 03:36
Долзарб мавзулар Фото

Рамазонда тўғри таомланиш қоидалари

Теглар:
Добавлено: 26.05.2018, 10:32

Гуноҳлар кечирилгувчи, ниятлар ижобат бўлгувчи бу ойда рўза тушиш ҳам фарз саналса, инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатлари ҳам алоҳида эътироф этилган. Иссиқ ва узун кунларда рўза тутишда юртдошларимизга чиройли сабр тилаш баробарида фойдали тавсиялар билан ҳам ўртоқлашмоқчимиз.

Чанқамай десангиз...

  • Биз кўп ва хўп такрорлайдиганимиз, кун давомида ҳар бир киши 2 литр сув ичиши керак деган қоидага риоя этишда давом этамиз. Ифторликдан саҳарликкача белгиланган миқдордаги сувни бўлиб-бўлиб ичинг. Масалан, оғиз очганда ярим литр сув ичсангиз, қолган вақт мобайнида 300 миллилитрдан қабул қилинг. Ифторликда 1 пиёла сувга 1 чой қошиқ тоза асал қўшиш ҳам тавсия этилади. Асалли сув нафақат организмни озиқлантиради, шифобахш ҳамдир.
  • Саҳарлик пайти қаттиқ қовурилган таомларни тановул қилмаслик, аччиқ ва шўр маҳсулотларни, ҳамда хоним каби хамирли таомларни чеклашга интилганингиз маъқул.
  • Сабзавотлардан барра бодринг чанқоқбосди ҳисобланади ва кун давомида организмингиз сувсизланиб қолишига йўл қўймайди.
  • Қаҳва ва ширин чойлар чанқатиши аниқ. Қолаверса, оч қоринга ёки тўқ қоринга ичилган қаҳва кўнгилни беҳузур қилиши ҳам мумкин. Шундай экан, қайнатилган сув, мева шарбатлари ва қон босимингиз «оби-ҳаво»сига қараб дамланган чойларга ихтиёр беринг.
  • Саҳарликда қатиқ ичиш ҳам тез чанқаб қолмаслигингизни таъминлайди.

Тўйимли таомлар истеъмоли

  • Саҳарлик дастурхони оқсил ва углеводларга бой таомлардан иборат бўлиши керак. Маълумки, гўшт маҳсулотлари 16 соат давомида ҳазм бўлади. Димланган мол ва қўй гўшти, қовурилган юмшоқ жўжа айни муддаодир.
  • Сабзавотлар қўшиб тайёрланган қуймоқлар ҳам кишига қувват бағишлайди.
  • Қайнатилган тухум ва сут маҳсулотлари қоринни тўқ тутиш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам айрим инсонлар саҳарликда қаймоқ ейишни афзал билишади.
  • Тайёр гўшт маҳсулотларига тўхталадиган бўлсак, дудланган, консерваланган гўшт маҳсулотлари, колбаса, сосиска кабиларга таъм бериш учун турли зираворлар, кўп миқдорда туз ва ёғ қўшилишини инобатга олиб, уларнинг истеъмолини чеклаганингиз маъқул. Қолаверса, бу махсулотларорганизмда холестерин ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Шунингдек, ошқозон фаолиятига зиён етказиши ва сизни чанқатиши мумкин.

Таомномангиз мева-сабзавотларга бой бўлсин!

  • Янги мева-сабзавотлар сизни тетиклаштириб, таом ҳазмини осонлаштиради, танангиздаги заҳарли моддалар — токсинлардан халос этади, қон айланиш тизимини яхшилайди. Шундай экан, оғиз очгач, таомланишни мева-сабзавотлар истеъмолидан бошланг.
  • Хурмо тановули эса организмга қувват бағишлайди, сабаби бу мева таркибида углевод, клечаткалар, калий ва магний моддалари бисёр.
  • Салатларни барра сабзавотлардан тайёрланг. Майонез қўшмаганингиз дуруст. Майонез ифторлик маҳали ошқозонингизга оғирлик қилади.

Энг муҳими

  • Ифторлик чоғида бирдан кучли таомларни кўп миқдорда ейиш ярамайди. Оз-оздан ва секин таомланишга одатланинг. Муҳими, таомномангиз фойдали бўлсин!
  • Билсангиз, ота-боболаримиз оғиз очгандан сўнг бир чой қошиққина нишолда тановул қилишган. Чунки ширинлик иштаҳани бўғиб, ошқозонга оғирлик тушишининг олдини олади.
  • Ҳар бир инсон организми ўзига хос бўлгани учун саҳарлик ва ифторлик дастурхонингизга қандай таомларни тортиш ўз ихтиёрингизда. Баъзилар юқорида айтганимиздек қаймоқ билан кифояланишса, баъзилар гўштли таомларга ихтиёр беришади. Асосийси, янги бўлмаган овқатларни тановул қилманг.

Унутманг

Саҳарлик қилиш рўзанинг мустаҳаб одобларидан саналади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарлик қилишга буюриб «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» деганлар. Рамазон ойида сабр билан тўғри овқатланиш, табиий егуликлар истеъмол қилиш жисм саломатлиги, руҳиятнинг енгиллашиши, тиниқ фикрлаш ва узоқ умрни кўришни таъминлайди.

МУХЛИСА тайёрлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии