my5
all

«Эрим онасининг вафотида отасини айблайди...»

СУҒДИЁНА 03.07.2018, 11:01
6046
«Эрим онасининг вафотида отасини айблайди...»

— Қайнонам оламдан ўтганига бир йилдан ошди. Қайнотам билан бир ҳовлида яшаймиз. Турмуш ўртоғим ҳам, қайнотам ҳам яхши инсон. Фақат бир-бирлари билан чиқиша олишмайди. Уларнинг орасини ислоҳ қиламан деб ўртада сарсон бўлаяпман. Аслида, хўжайиним болаликдан онасининг эрка ўғли эди. Раҳматли қайнонам болаларига отасини бир оғиз мақтаганини эслолмайман. Ҳатто, онасининг вафотида ҳам эрим отасини айблайди. Аслида, қайнонам хасталикни ўтказиб юборгани учун оламдан кўз юмган. Қайнопаларим бири олиб, бири қўйиб уйга қайтавергани ҳам дард устига чипқон бўлганди ўшанда. Бироқ эрим барини отасидан кўради. Қайнотам ҳам ўғлига тўғри муомала қилмайди. Яхши пул топгани, рўзғорнинг асосий таъминотчиси бўлгани учун ўттиз ёшга тўлган ўғлини ёш боладек тергайди. «Болаларингни ўзинг боқ», дейди нуқул. Маҳалладаги тенгдошлари, дўстлари билан солиштиради. Нимагадир эримнинг яхши томонларини кўрмайди. Турмуш ўртоғим ҳам қўрс, қўпол одам. Салга асабийлашиб кетади. Шунга уйимизда тинчлик йўқ. Мен эса ота-бола тинч яшашса, қайнотам катта одам сифатида ўғлига озгина меҳр кўрсатса, дейман. Бир-бирларига қанча мақтасам ҳам, яраштириб қўйишга уринсам ҳам бефойда. Уларнинг орасида меҳр уйғотиш учун нима қилишим лозим?

Латофат, Фарғона вилояти

Қайнонажон: — Ота-болани яраштириш савобли иш. Қолаверса, бир кун уриш бўлган хонадондан қирқ кун барака кетади. Балки турмуш ўртоғингиз отасини рози қилишга шошилмаётгани учун топиш-тутишидан барака кетгандир. Қизим, сиз рафиқа бўлиб хўжайинга отасини ҳурмат қилиши лозимлигини уқтиринг. Энди эркаликни ташлаб, ҳаётга жиддийроқ назар соладиган пайти келди. Ахир бу қайтар дунё. Ҳозир у отасига қандай муомала қилса, эртами-кечми экканини ўради. Қолаверса, ота-она ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Қайнотангиз ҳам ўзидан кейин набираларининг ҳоли не кечишини ўйлаб, ўғлини тўғри йўлга йўлламоқчи бўлиши мумкин. Боласининг феъли яхши томонга ўзгариб, тарбия топаётганини кўрган ота ҳам қаттиққўллик қилмай, бироз юмшайди. Ўзингиз бу ишни қилишга қийналсангиз, эрингиз ҳурмат қиладиган тоға, амакилардан ёки илмли кишилар, имомлардан ёрдам сўранг. Улар одамларни яхшиликка йўллаш усулларини билишади.

Руҳшунос: — Ота-бола ўртасидаги муаммолар кеча ёки бир неча йил аввал юзага келиб қолган эмас. Бу руҳий оғриқ болаликдан мавжуд. Чунки кичиклигида ота ёки онага туйғуларини айтолмаган инсонларда салбий эмоциялар йиғилиб-йиғилиб ғазаб, алам, баъзида нафратга айланади. Одатда инсон ўзидаги мана шу туйғуларни англаган пайтга келиб ота-онаси ўзгаришларни қабул қила олмайдиган ёшга етиб қолади. Ахир фарзандига нотўғри муомала қилгани, умри давомида берган тарбияси ўғлининг руҳиятига салбий таъсир ўтказганини тан олишга отанинг мадори йўқ. Буни тан олса, ўзини айблай бошлайди. Демак, азобланишга маҳкум. Шунинг учун барига фарзандини айблаб, янада қатиққўллик қила бошлайди. Албатта, ота ўзи тушуниб бундай қилмайди, биз айтган жараёнлар онг остида кечади. Нима қилиш керак? Ота унинг сўзларини эшитадими-йўқми, бола ичидаги гапларни айтишга интилиши даркор. Бақир-чақир билан эмас, хотиржам ҳолатда! Аввал отаси билан гаплашганда нималарни ҳис қилаётганини (хафалик, ғазаб, алам) ўзи тушиниши, сўнг туйғуларини гапириши лозим. Кўнгилдаги аламдан бутунлай фориғ бўлиб, эркин нафас олиш учун эса мутахассис билан ишлашни тавсия қилишимиз мумкин.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+31° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81