my5

"Укам уч марта уйланиб ҳам қуйилмади..."

СУҒДИЁНА 15.08.2018, 10:22
7321
"Укам уч марта уйланиб ҳам қуйилмади..."

— Педагоглар оиласида туғилиб, улғайдик. Синглим ва укам бор. Ота-онам болалигимиздан укамни эркалаб тарбиялашган. Доим унинг айтгани айган, дегани деган эди. Бу йил ўттиз саккиз ёшни қаршилайди. Ўзи давлат ташкилотида ишлайди. Бироқ ҳанузгача олтмишдан ошган ота-онамга эркалик қилади. На рўзғорга қарашади, на уларнинг кўнглига қарайди. Шу кунгача уч марта оила қурди. Дастлаб ўзи бирга ишлайдиган қизни танлади, қизни хушламасак-да, укамнинг кўнглига қарадик. Бир йил ўтар-ўтмас ўрталаридан гап қочди. Қуда томон келлинни кўч-кўронни билан олиб кетишди.

Укам ярашишни истамагани боис оилани сақлашга ҳеч биримиз уринмадик. Иккинчи марта турмушидан ажрашган жувонга тўй-томоша билан уйланди. У ҳам укам истагандек, сочи калта, мини юбка киядиган, уй зиндон — кўча хандон қизлардан эди. Турмуши икки йилда бузила бошлади. Учинчи сафар онам “Балки алоҳида яшаса, тинчиб кетар” дея уй қуриб берди. Келинни янги хонадонга туширдик. Уни ҳам биринчи кундан тоққа олиб чиқди, қиммат дўконлардан кийинтириб, бошига чиқариб олди. Лекин қуда тараф “Ўғлингиз қизимизнинг кўнглидагидай ҳаёт қуриб бера олмади. Рўзғори тўкис эмас” деган гапларни рўкач қилиб қизларини ажратиб олишди.

Укамнинг топиш-тутиши ёмонмас, шаҳардан ташқарида мол-ҳоли бор, бир неча ҳафта аввал янги машина олди. Ошна-оғайнилари билан ҳам муносабати яхши, улардан пулини ҳам, вақтини ҳам қизғонмайди. Фақат инжиқлигини ота-онамга қилади. Ҳатто овқат у айтган вақтдан беш дақиқа кечроқ сузилса ҳам, жанжал бошлайди. Асабийлашганида телевизорнинг пульти борми, пиёла борми отиб қолиши ҳеч гапмас.

Онам эса юрак ютиб бирор гап айтолмайди, жанжаллардан безиллаб қолган. У кишига “Қўйинг, шу ўғлингизни, бир неча кун сиҳатгоҳда дам олинг” десам “Болам оч қолиб кетади, кир-чири нима бўлади?” дейди. Бу кетишда волидамнинг хасталаниб қолишидан хавотирдаман. Устига-устак таниш-билишларим укамни бетайин аёллар билан кўриб қолганликларини айтишаяпти. Баъзида “Ҳамма бахтли, фақат мен бахтсизман”, дея норозилик билдириб қўяди. Азалдан кўнглида норозилик бор эди. Ҳозир янаям кучайиб кетган. Ахир қачонгача шундай юриш мумкин, қачонгача онамни қийнайди? Буларни кўриб, қалбим тилка-пора бўлади. Уни қандай тўғри йўлга солишни билмаяпман...

Лола, 45 ёш, Тошкент вилояти

Тўти Юсупова, Ўзбекистон халқ артисти: — Эркалатса онаси, талтаяди боласи, дейди халқимиз. Афсус, минг афсус, айб онангизда, назаримда. Бу жабрдийда аёл дилбандини азбаройи аягани сари бошига чиқарган. Оила қуриш бахт-саодатгина эмас, унинг аччиқ ташвишлари енга олиш ҳамдир. Уч карра уйланиб ҳам бахтини ушлаб қололмаган такасалтанг йигитга нима дейиш мумкин? Уч аёлнинг ҳаётини заҳарлашга виждони қандай йўл қўйди? Сизни ҳам тушунамиз, жигарсиз, нафақат онаизорингизга, укангизга ҳам ачинасиз, албатта. Ўттиз саккизга кирган эркакни қайта тарбиялаш осон эмас. Давлат идорасида ишласа, яқин дўсти, тушунган сафдош ўртоғи бордир. Ўшаларни ишга солиш керак. Одатда одам тенгдоши, касбдошидан хижолат чекади, ўрни келганида ибрат олади. Яхши инсонлар бор, ўшаларнинг таъсири зарур. Ҳадеб “Ёмонсан” деганингиз билан вазият ўзгариб қолмайди. Ҳафтада бир-икки кун онангиз сизнинг ёки синглингизнинг уйида меҳмон бўлиб кетсин. Йигит онасиз аҳволи қандай кечишини ҳис этсин, шунда қадрига етади. Волидангизга айтинг, ўғлининг бахти, келажаги учун ҳам юракка тош боғлаб олсин. Акс ҳолда унинг ҳаёти аянчли аҳволга тушади. Кейин чидаш янаям қийинлашади.

Мирааббос Мирзааҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими: — Ота-она боласини ўғил-қизга ажратиб, бирини папалаб, иккинчисини қаттиққўллик билан тарбияласа, хатога йўл қўяди. Шу йўл билан ўғилни кучсиз, худбин қилиб қўйишади-да. Укангиз кап-катта инсон бўлса-да, ўзини ўсмирлардек тутаяпти. Ғамхўрлик остида бўлган ўсмирлар кўпинча истакларини амалга оширолмайдилар. Балки шунинг учун ҳам айтганини қиладиган аёлларни танлагандир.

Биласизми, бу вазиятга ташқаридан назар ташлаб ота-онанинг ўрнини дўстлар эгаллаганини кўриш мумкин. Балки ҳозир ҳам онангиз ортиқча ғамхўрлиги билан укангизни бошқараётгандир. Эҳтимол укангиз шундан норозидир? Бу вазиятда икки томонни ҳам ўзгартириш мушкул. Укангизни ўз ҳолига қўйинг. Унинг қилиқларидан “Менга эркинлик керак”деётгандек туйиляпти. Масъулиятни ўзининг зиммасига юклайдиган пайт келди. Сиз ҳам опа сифатида унинг муаммоларини ҳал қилишга уринамасдан, укангизга катта одамдек муносабатда бўлишни бошланг. Ҳаммаси ўз изига тушиб кетишига ишонаман.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+27° ясно
Валюта курси
10129.56
USD -7.64
10955.12
EUR -33.6
137.54
RUB -0.72