my5

Келин надомати: "Қачонгача уй қамоғида ўтираман?.."

СУҒДИЁНА 05.10.2018, 11:48
7935
Келин надомати: "Қачонгача уй қамоғида ўтираман?.."

Турмуш ўртоғим билан бир маҳаллада яшаганмиз. У мени болаликдан севган экан, мен эса эътибор бермаганман. Ўқишга кирганимдан сўнг остонамиздан совчилар аримай қолди. У кишидан ҳам одамлар келишган. Дадам нимагадир рад жавобини бериб юборган. Кейин яхши оила деб, бошқа бир йигитга розилик беришди. Бизда розилик аломати сифатида оқлик юборилади. Ўша йигит билан учрашиб кўрдим, тўғриси, менга маъқул келмади. Бу орада бўлажак турмуш ўртоғим ўша йигит билан гаплашиб оқликни қайтаришга кўндирибди. Бир куни оиламизга ҳар томонлама муносиб йигитдан совчи келди. Икки томон рози-ризочилик билан тўй ҳаркати бошланди. Биз яна оқлик юбордик. Лекин маҳалламизда яшайдиган менга кўнгил қўйган йигит тўйни тўхтатди. У унаштирилган инсонимни олиб қочиб кетиб, ота-онасига пўписа қилган экан. Ота-онам бу гаплардан хабар топишгач катта жанжал бўлди. Охир оқибат отамнинг маҳалладошимизга узатишдан ўзга чораси қолмади. Бу воқеаларга ҳам ўн йил бўлибди. Ҳозир уч қизимиз бор. Эримдан нолимайман. Рўзғорим бут. Бироқ тўрт девор ичида қолиб кетдим. Ҳатто, болаларни боғчага ҳам эри олиб боради. Сўнгги ойларда-ку, умуман ҳаддидан ошиб кетди. Устимдан қулфлаб қўядиган одат чиқарган. Аввалига рашк қилаяпти дердим, бироқ энди бу қилиғи ошиб тушди. Тўрт ойдан буён уй қамоғидаман. Сабабини сўрасам “Аёл кишининг жиловини бўш қўйсанг, нималар қилмайди” дейди. Ёшман, тенгдошларим билан мулоқот қилгим, ўйнаб-кулгим келади. Бирор жойга бориш керак бўлса ҳам доим ўзи олиб боради. Тўғриси, билмаяпман, муаммо ундами ёки менда? Наҳот, ёшлигим шундай ўтиб кетса?..

Мавжуда, 30 ёш, Фарғона вилояти

ТЎТИ АЯДАН ИБРАТЛИ ВОҚЕА

— Бир онахон чолидан шикоят қилиб қолди. Отахон 82 ёшда бўлиб, 73 ёшли онахонимиз билан 56 йилдан буён бирга яшашар, 9 фарзанднинг ота-онаси, 17 набира, 11 эваранинг бобо-бувиси экан. Ажойиб-а! Сизларга ўхшаб юрайлик, онахон, десам “Ҳечам бизга ўхшаманг, болам, бутун умрим уй қамоғида ўтди. Бу чолдан безор бўлиб кетдим. Аразлаб икки ой пойтахтдаги қизимникига кетсам, “Мен уйланаяпман, тўйга марҳамат” деб ўғлимдан таклифнома бердириб юборибдилар. Мен қонуний хотиниман, ҳуқуқимни ҳимоя қилинглар, жазосини беринглар бу чолни” десалар, ҳангу манг қолибмиз. Қаранг-ки, отахон ошпазлик қиларкан, онахон эса доим ёнларида ёрдамчи бўлиб ишлаб келган. Болаларни ҳам чиройли тарбиялашган. Рашк ўти шундай баланд эканки, шўрлик онахон шу ёшга кириб ҳам на қизиникида, на ўғлиникида қололаркан. Отахоннинг бу ҳазили онахоннинг рашкини чунонан аланглатганидан, мақсадга ўтиб, “Қизим бир йўлини қилиб, мени отангиз билан яраштиринг, эрини бировга бериб қўядиган аҳмоқ хотин эмасман”, дедилар. Хулоса шуки, қўша қаришнинг сири садоқатда. Бир-бирини севиш эса рашк оловини алангалатиб туради. Сиз ҳам бироз сабр қилиб, эрингизнинг муносабатига босиқлик билан жавоб қайтарсангиз, ҳаммаси изига тушади.

МИРАББОС ОТАДАН 4 ТАВСИЯ

  • Назаримда, бундай муҳаббат “тури” билан яшаш осон эмас. Ёки мен эркак киши бўлганим учун шундай туюлаётгандир. Аёлларимиз эса ҳар қандай вазиятда сабрли бўла олишади. Уларнинг ютуғи ва бахти ҳам шунда.Аммо эрингизнинг ўзи ҳам бу ҳолатдан бир кун чарчайди. Шунда сиз, уни “Асабларингизни тинчлантириш керак” дея мутахассининг ҳузурига олиб боришга ҳаракат қилинг.
  • Агар вазиятни ўзгартиришнинг имкони бўлмаса, унга нисбатан муносабатни ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Асабларингизни жиловланг, юқорида айтганимдек, айниқса ўзбек аёлларига хос сабрни устун қўйинг.
  • Турмуш ўртоғингизнинг рашки сизда салбий реакцияни қўзғатаётганини сездирманг. Вазиятни қўйиб юборинг, шунда “муаммо” осонлашади.
  • Ана шунда у ҳам аста-секинлик билан тинчлана бошлайди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+23° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81