Ташкент +6° Tue 16:40
Долзарб мавзулар Фото

​Улама киприк: парваришнинг 18 қоидаси

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 29.11.2018, 14:05

Даставвал гўзаллик салонида бажарилган киприк улатиш амалиёти бугун уй шароитида ҳам амалга оширилмоқда. Сунъий киприк улаш, асосан, сийрак, тўкилишга мойил ва киприк қатори очилиб қолган ҳолатларда тавсия этилади. Махсус елим билан ёпиштирилган киприклар узоқроқ хизмат қилиши эса амалиётдан кейинги парваришга боғлиқ.

Амалиётдан сўнг 12 соат

Улама киприклар тўғри парвариш қилинмаса, тез тўкилади. Бундай бўлмаслиги учун амалиётдан кейинги 12 соат қоидасига қатъий амал қилиш шарт. Яъни, кўз ёшланиши, ҳаддан ташқари кўп терлаш, ювиниш, киприкка сув тегиши, қовоқларни ишқалаш мумкин эмас.

Сунъий киприклар махсус елим билан ёпиштирилса-да, маҳкам жойлашиши учун вақт талаб этилади. Агар елим қотмасидан усти ишқалангудек бўлса, бу кўзларга салбий таъсир қилади.

Буни билишингиз шарт!

1. Улама киприкларга тушь суртилмайди. Зарурат туғилгандагина сувли асосгаэга тушдан фойдаланиш мумкин. Бунда тушь киприкнинг ўрта қисмидан учига қараб суртилади. Сувга чидамли тушлар тавсия этилмайди.

2. Киприкларга қўл теккизмаган маъқул. Акс ҳолда улама киприк синиши ёки зарарланиши мумкин.

3. Қорин билан ухлаш тавсия этилмайди. Негаки, бу ҳолатда киприклар ёстиққа тегиб, шаклини йўқотади.

4. Ёғли косметика воситалари (крем, молочко)дан фойдаланиш мумкин эмас. Ёғ таъсирида елим ўз кучини йўқотади.

5. Ювиниш маҳали сувли асосдаги гелдан фойдаланинг.

6. Киприкларни қайириш учун мўлжалланган махсус қайчидан фойдаланиш ҳам ман этилади.

Асосий талаб – улама киприклар белгиланган муддатда коррекция қилиниши керак. Уларўртача 1,5 - 3 ойгачахизмат қилади.

– Ҳар куни эрталаб, ювингандан кейин ва уйқуга ётишдан олдин киприкларни махсус тароқча ёрдамида тараб туриш керак.

- Киприкларни тозалашда болалар шампунидан фойдаланиш мумкин.

- Пардозни тозалашда энг маъқули мицелляр сув.

- Улама киприкларни парваришлаш баробарида табиийсини ҳам унутмаслик керак. Бунда сизга озиқлантирувчи тониклар ёрдам беради. Тоник ингичка чўтка ёрдамида киприк илдизига суртилади.

Кимларга мумкин эмас?

Улама киприклар қуйидаги ҳолларда тавсия қилинмайди, булар:

- контакт линзаларидан фойдаланганда;

- ҳомиладорликда;

- сурункали конъюнктивит, глаукома, блефарит касалликлари;

- табиий киприклар ўта ингичка ва нимжон бўлса;

- тери тузилиши ёғли турга мансуб бўлганида.

Пинцетда олиб ташлаш мумкинми?

Улама киприклар мутахассис назоратида кўчириб олингани маъқул. Борди-ю, бунга имкон бўлмаса, уй шароитида ҳам сунъий киприклар билан хайрлашиш мумкин. Яъни уйқуга ётишдан аввал юқори қовоқ юзасига ўсимлик ёғи (кунгабоқар, шафтоли, бодом ёки канакунжут мойлари) суртилади. Эрталаб эса бармоқ учида улама киприкларни кўчириб олиш мумкин. Ёдда тутинг, бу жараёнда зинҳор пинцет ишлатилмайди!

Улама киприклардан мунтазам фойдалансангиз, ҳар ярим йилда бир марта, бир ой танаффус қилишингиз керак.

Табиий киприкларга ёрдам

Улама киприклар олиб ташланганидан кейин қуйидаги ҳолатларга диққат қилинг:

  • Ҳафта давомида тушь ва суюқ қалам суртмай туринг.
  • Кўзни бир неча кун давомида фақат илиқ сувда намланган пахта билан артинг.
  • Кўчага чиқишдан олдин кўзларга гиппоаллерген, қуёшдан ҳимояловчи воситаларни суртинг.
  • Тухум, сметана, сабзи, жигар, қулупнай ва помидорни кўпроқ истеъмол қилинг.

Нега тўкилади?

Улама киприклардан фойдаланишда табиийсининг тўкилиши меъёрий ҳолат. Шуни унутмангки, киприклар ўртача 90 кун «яшайди» ва ҳар куни 1-3 тагача киприк тўкилади.

Баъзан улама киприклар табиийсига зарар етказади. Бунинг сабаби, сунъий киприк зич жойлашганидир: бу ҳолатда у кўзларга оғирлик қила бошлайди. Шунингдек, нотўғри танланган елим ҳам киприкни тўкади.

Ширин Сиддиқхўжаева

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии