Ташкент +4° Mon 05:28
Долзарб мавзулар Фото

​Туғруқхонада ОИТС юқтирган аёл

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 17.12.2018, 14:28

Ҳикоя реал воқеаларга асосланган. Қаҳрамонларнинг исм-шарифи ўзгартирилди

Баҳор фасли эди. Дарахтлар эндигина яшил тусга кирган, табиат қишнинг совуғидан уйғониб, кўклам қуёши тафтидан завқланаётгандек кундан-кун чирой очиб борарди. Шундай кунларнинг бирида қизим Мафтуна билан унинг имтиҳонолди тайёргарликлари ҳақида суҳбатлашиб ўтиргандик. Бирдан эшик қўнғироғи чалинди.

— Раъно опа, Раъно опа, - дея Зилола исмли қўшним жон-жаҳди билан эшигимизни тақиллатарди.

— Келинг, Зилола, тинчликми?

— Сизникида бир-икки соат ўтириб турсак майлими?

— Майли, майли, тинчликми, нима бўлди?

— ... Куёвингиз яна ичиб келиб, жанжал қиляпти.

— Ҳайронман, у сиздан нима истайди, ўзи? Мана бу сувдан ичиб олинг, ўзингизга келасиз.

Зилола сувни ичаркан, нимадир ёдига тушди чоғи яна кўзлари ёшланди.

— Мафтуна, қизим, жиянларингга мультфильм қўйиб бер. Бизнинг Зилола опанг билан гаплашадиган гапларимиз бор.

— Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, - дея Зилолани кузатарканман, ўйланиб қолдим: айрим эрлар аёлининг бачадони олиб ташланганига талоқ беради, айримлари соппа-соғ, гўзал рафиқаси бўла туриб, саёқ юради. Баъзилари туғуруқдан сўнг тўлишган аёлини масхаралаб камситади, хиёнат қилади. Менинг турмуш ўртоғим эса ОИТС юқтирган аёлини бошида кўтариб юрибди. У мени ҳаммадан гўзал, мафтункор аёл деб билади...

Мафтуна қизалоқларни олиб, бошқа хонага чиқиб кетди.

— Авваллари Анвар ака жуда меҳрибон эди. Учинчимиз – Ўғилой туғилганида шифокор «Биласиз, хотинингизда ҳомиладорлик қийин ўтди. Уни эҳтиёт қилинг. Маслаҳатим, яна фарзанд кўришни режалаштирманглар. Акс ҳолда соғлиғига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин» дея турмуш ўртоғимни огоҳлантирганди. Шундан кейин эрим ўзгариб қолди. Ҳар ишимдан айб қидирадиган, «дардисар» дея мени камситадиган бўлди.

— Кўп куйинманг, Зилола. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Зулматдан кейин, албатта, ёруғлик келади. Фақат сабр қилиш керак.

— Гапириш осон, опа. Сизни эрингиз ҳурмат қилади, севади. Иккингизнинг муносабатингизга доим ҳавас қилганман. Бизникининг эса ичмаган куни йўқ. Ичиб олиб, ухлаб қолса ҳам майли эди, кайфи тарқагунча жанжал қилади. Икки гапнинг бирида «Ўғил туғиб бермадинг», дейди. Уч қизимиз кўзига кўринмайди.

— ЎЗИ инсоф бериб ичишни ташласа, яна аввалги ҳолига қайтар.

— Мўъжиза юз бериб шундай бўлмаса, ўзига келиши қийин. Ўзи-ку, ҳамма эркак бир гўр!

— Бу гапингизга қўшилмайман.

— Худо асрасин, эртага сиз ҳам бир дардга чалинсангиз, эрингизнинг муносабатини кўрасиз. Ҳозир соғлом, гўзал аёлсиз. Шунга ҳам мени тушунишингиз қийин-да...

— Эҳ, Зилолахон, бошимдан нималар ўтганини билмайсиз-да! У кунларни эсласам, юрагимга оғриқ киради. Бундан ўн йил олдин Мафтуна биринчи синфда ўқирди. Бешинчи май куни қизимни мактабга, турмуш ўртоғимни ишга кузатиб, уй ишларига уннадим. Кескин ҳаракат қилганимгами, белимда оғриқ турди. Ҳаяжондан юрагим кўксимдан отилиб кетгудай ура бошлади. Билдимки, кутилган сана келди, иккинчи фарзандим дунёга келадиган кун! Шошиб эримга қўнғироқ қилдим. Ярим соат ўтмай туғуруқхонада бўлдик.

Қабул бўлимида керакли ҳужжатларни тўлдираётиб, тез ёрдам машинасида келтирилган аёлни кўрдим. Оғир аҳволда келган ҳомиладор аёлни шоша-пиша туғуруқ бўлимига олиб кириб кетишди.

Чамаси бир соатлардан сўнг мени ҳам туғуруқ залига олишди. Аччиқ дард чекиб, ниҳоят, кўзим ёриди. Доялар «Паҳлавондек ўғил» дея болажонимни бағримга беришди. Турмуш ўртоғим ота – онасини хурсанд қилиб юрсин, деб ўғлимизга Бахтиёр деган исмни берди.

Туғуруқхонадан уйга қайтганимда ҳаммадан ҳам қизим Мафтуна хурсанд эди. Чақалоқнинг ёнидан кетмас, ўзича унга бир нималарни гапириб берарди. Уйга қайтганимизнинг 14-куни Бахтиёрнинг иссиғи кўтарилиб кетди. Дарров тез ёрдам чақирдик. Шифокор болани кўриб, чилла пайти шундай ўзгаришлар бўлиб туришини тушунтирди. Ва дори ёзиб берди. Іарорати тушган бўлса-да, болагинам жуда безовта эди.

Икки кун ўтиб, чақалоғимизнинг иссиғи яна кўтарилди. Кутилмаганда талваса хуружи бошланди. Митти қўлчалари титрар, лаблари кўкариб кетганди. Бахтиёрни зудлик билан шифохонага олиб бордик. Аммо ҳеч бир шифокор нима сабабдан бундай бўлаётганини тушунтириб бера олмасди. Эрим иккимизнинг бормаган жойимиз, қилмаган илму амалимиз қолмади. Аммо...

Қирқ кунлик чилласи чиқар–чиқмас Бахтиёрим жон берди. Ўшандаги аҳволимни сўз билан тушунтириб беролмайман. Тўққиз ой юрагим остида авайлаганим, меҳр берганим, жондан азиз фарзандим энди йўқ эди. Ёруғ оламга йиғлаб келган болажоним, Бахтиёрим, ҳаммамизни йиғлатиб кетди.

Турмуш ўртоғимнинг иродаси мустаҳкам экан. Кўз ёшини артиб, Бахтиёрнинг бевақт ўлими сабабини аниқлаш учун экспертизага берди. Натижа эса ҳаммамизни шошириб қўйди. Боламнинг қонида ОИТС аниқланибди, ўлимига сабабчи бўлган нарса ҳам шу экан.

Шифокорлар боланинг ота-онаси зудлик билан қон топшириши, тиббий текширувлардан ўтиши керак, дейишди. Турмуш ўртоғимнинг қон таҳлили натижаси яхши чиқди. МендаОИТС борлиги аниқланди. Бу кунлар ҳам бормиди дея ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. «Қандай қилиб, ахир, ҳомиладорликда ОИТСга топширилган қон таҳлилида муаммо бўлмаган-ку» дея сабабини излашга тушдим.Баҳром ака билан ўғлимиз дунёга келган туғуруқхонага бордик. Маълум бўлишича, ўша куни кўзим ёришидан аввал тез ёрдам машинасида оғир аҳволда келтирилган ҳомиладор аёл ОИТСга чалинган экан. Ҳаёти қил устида тургани сабабли алмашинув картасини суриштирмай, туғдириб олишган. Эртасига қон таҳлиллари тайёр бўлиб, ҳаммаси ойдинлашганда аёл туғуруқхонадан қочиб кетган. У аёлдан кейин худди шу туғуруқ залида менинг кўзим ёриган. Хона етарличи стерилизация қилинмаганми ё унга ишлатилган тиббий асбоб – анжомлар тозаланмаганми, хуллас, қайсидир сабаб билан у аёлдан касаллик менга юққан.

— Ўғлингизга-чи, қандай қилиб юққан экан?

— ОИТС билан касалланган аёлга болани она сути билан боқиш мумкин эмас экан. Чунки вирус сут орқали болага ўтиши мумкин. Мен эса Бахтиёрни эмизардим, бу ҳам етмагандай, бир куни у эммай қўйганида бармоғим билан оғзини тозалагандим. Кейинроқ эсладим, бармоғим тирналганди.

Шундай қилиб, Бахтиёримни совуқ тупроққа топширдиму ўзим ОИТС ташувчи номини олдим. Қўшалоқ дард менга оғирлик қилди. Жуда қаттиқ тушкунликка берилдим. Шифокорлар ҳозир ишлаб чиқарилаётган дори – дармонлар билан беморнинг умрини узайтириш мумкинлигини айтишса-да, ҳеч нимани эшитмасдим. Яшагим келмай қолганди. Қизимни ҳам унутгандим. Ҳар гапимда «Яшашни истамайман», дердим. Эримнинг менга ғамхўрлик қилаётганидан баттар эзилардим. Бир сафар «Баҳром ака, мени ўлдиринг. Шу қўлларингиз билан бўғиб ўлдиринг ё заҳарли дори олиб келиб беринг,яшашни истамайман» дея бўйнига осилдим. Ўшанда эрим юзимга тарсаки тортиб юборди: «Ўзингни қўлга ол! Бу фақат сенга келган синов эмас, ҳаммасини бирга енгиб ўтамиз» дея мени ўзимга келтирди.

Вақт ҳар нарсага даво бўларкан. Аста – секин ОИТС билан яшашга кўникдим. Яна фарзанд кўриш ҳақида ўйлай бошладим. Шифокорлар назоратда бўлсам соғлом бола туғилишини айтишди. Бироқ тиббий кўрикдан кейин сўнгги умидим ҳам чилпарчин бўлди. Юрагим хасталиги, туғуруқни кўтара олмаслигимни айтишди.

Турмуш ўртоғим битта фарзанд билан яшаб ўтадими, деб уни уйлантирмоқчи бўлдим. Ҳозир сизга гапириб беряпман-у, ўшанда бу қарорга келишим қанчалик қийин бўлганини эслаб эзилиб кетяпман. Эр бермоқ жон бермоқ, ахир. Баҳром ака таклифимга кўнмади. Ортиқ бу ҳақда оғиз очмаслигимнитайинлади.

Яшашдан умиди сўнган одамга дунё тор кўринаркан. Эримнинг уйланишни рад этганини, менга ачинганидан қилди деб ўйладим. Ўзимни шунчалар чорасиз сездимки, охир-оқибат, жонимга қасд қилишгача бордим.

— Мен ҳам шуни айтяпман-да, опа. Касал хотин кимга керак? Эрингиз ҳар куни ўзини меҳрибон кўрсатиб сизни камситганидан кейин дунё кўзингизга тор кўринади-да.

— Йўқ, Зилола, сиз нотўғри гапиряпсиз. Мен, фарзанд доғида, оғир касаллик ва яна бошқа фарзанд кўролмаслигимни ўйлаб тушкунликка тушиб қолгандим. Лекин турмуш ўртоғим мени бу зулматдан олиб чиқди. Меҳр – муҳаббати, садоқати билан ҳаётга қайтарди. Мени тушунди, боримча, шу дардим билан бирга қабул қилди. Касалликка қарши курашишга ундади. Мана, 10 йилдан буён шифокорлар назоратида яшаяпман.

— Раъно опа, мени кечиринг. Турмуш ўртоғингиз ҳақида нотўғри хаёлга борибман.

— Ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг. Шунчаки, билинг деб айтдим, бу гапларни. Ҳамма эркаклар бир хил эмас.

— Опа, мен энди уйга чиқа қолай. Дадасиухлаб қолгандир. Эртага ўзига келсин, аччиққина мастава қилиб бераман. Бундан буён эримга кўпроқ меҳр беришга ҳаракат қиламан. Зора инсоф берса...

Анчадан бери кўзим ёшланмаганди. Аллоҳим умр йўлдошимни ўз паноҳингда асра! Бахтимизга соғ–омон бўлсин...

Наргиза Отабекова

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА

17.03.2019, 19:57