Ташкент +4° Sat 19:15
Долзарб мавзулар Фото

​"Эримни иссиқ-совуқ қилиб, дардга йўлиқтирдим"

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 23.12.2018, 15:01

Cентябрь ойининг 20-сида Нодирнинг хотини икки қиздан кейин ўғил дунёга келтирди. Фарзанднинг қадами қутлуғ келиб, эртасига Нодирни банкда кредит бўлимига бошлиқ этиб тайинлашди. Байрам кетига байрам уланди! Қариндош – уруғ, таниш – билиш – ҳамма уларнинг бахтига ҳавас қилди.

Вақт ўтган сайин Саида, эрининг муносабатида ўзгаришлар сеза бошлади. Нодир ишдан кеч қайтадиган одат чиқарди. Шундай кунларнинг бирида, турмуш ўртоғининг телефонида бир аёл билан ёзишган хатларга кўзи тушди. Салом-аликдан нарига ўтилмаган бўлса-да «SMS» ларни ўқиб, Саиданинг рашки тутди. Лаблари титраб «Нима сабабдан ишда ушланиб қолаётганини билдим, ахийри билдим-ку» дея такрорлай бошлади. Айни дам у ўзида эмасди. Нима қилаётганини, хатти - ҳаракатларини англамасди.

- Мана энди билдим. Сиз нима ишлар қилиб юрганизнию кеч келишларингизнинг сабабини. Топганингизни мендан нимаси ортиқ экан?

- Нималар деб валдираяпсан? Эрталабдан бошимни қотирма.

- Мана бу ойимчангиз ҳақида гапиряпман, - дея телефондаги юзишмаларни эрига кўрсатди.

- Пашшадан фил ясашга устасан-да, хотин. Нима экан, депман. Бу аёл билан шунчаки танишман, ишида озгина муаммолари бор экан. Ёрдам бердим, шунга шунчами? Ёмон нарса хаёлингга келмасин, - деди-ю, аёлининг саволларига бошқа гап топиб беролмаслигини билиб, тезда уйдан чиқиб кетишга ҳаракат қилди.

- Шунчаки танишингиз бўлса, нега унда яна қачон кўришамиз деб ёзади,- деганча Саида эшикни орқасидан бақириб қолди...

Эрининг гапига ишонмаган Саида ҳар хил ўйларга чек кўйиш мақсадида эртаси куни турмуш ўртоғининг ишига борди. Нодир кўриб қолмаслиги учун атай кўча бошида тушиб қолди-да, атрофни кузата бошлади. «Ҳозир тушлик пайти. Нодир ака ҳам ташқарига чиқса керак. Мабодо чиқмаса, бирор баҳона топиб ичкарига кираман» – ўзича хаёл қиларди у. Саида юрак ховучлаб банк биноси томонга юриб кела бошлади. Шу пайт эри ташқарига чиқди-да, нотаниш бир аёл билан машинага ўтирди. «Эй Оллоҳ, наҳотки Нодир ака менга хиёнат қиляпти?» – Саиданинг юраги тез ура бошлади. Нафаси бўғилиб, боши айланаётганини сезди. Кимгадир дардини тўкиб сочгиси келди. «Нилуфар, ҳа, Нилуфарникига бораман, у мени тушунади» – шу хаёл билан сирдош дугонасининг уйига йўл олди.

Саиданинг келаётганини ойнадан кўрган Нилуфар қўнғироқ чалинишини кутиб ўтирмай эшикни очди.

- Кел дугонажон, бунча рангинг оқариб кетмаса? Тинчликми ўзи?

Саида йиғлаб-сиқтаб бўлган гапларни айтиб берди. Барчасини жим туриб эшитган Нилуфар қўлига телефонни олиб, танишидан Фотима фолбиннинг уй манзилини суриштириб олди. Саида ҳеч нарсани тушунмай ўтирарди.

- Ана бўлди. Манзили қўлимизда. Тур ўртоқ, сен билан бир жойга бориб келамиз.

- Қаерга борамиз?

- Бир дугонам Фотима фолбинни мақтаганди. Ҳамма нарсани тўғри айтар экан. Бориб кўрайлик-чи, эринг ростдан ҳам хиёнат қиляптимикан.

Дугоналар фолбиннинг уйини топиб боришди. Уларни аввал бир хонага олиб киришди. Сўнг кутиб туришни, навбати келганда киришини айтишди. Ўша хонада улардан ташқари яна икки аёл ўтирарди. Ҳеч қанча вақт ўтмай уларни ичкарига чорлашди.

- Қани келинглар, гўзал сингилларимизга биздан нима хизмат?

- Келин, нималар деяпсиз? Аёл киши оғирроқ бўлиши керак. Ғийбатчиларнинг гапига ишониб, ўғлимга туҳмат қилиб, дилини хира қилманг. Ўзингизни қўлга олинг, дея насиҳат қила кетди.

Бу такаллуфдан эриб тушган Саида, телефондан турмуш ўртоғининг расмини очиб берди. Сўнг ўқиган хабарлари, бугунги кўрган воқеларни гапириб берди. Фотима фолбин гоҳ Саидага, гоҳ расмга қараб, гап бошлади:

- Синглим, жудаям танг аҳволда қолибсиз. Оилангиз бузилиш арафасида турипти.

- Нималар деяпсиз?

- Мен билмасам гапирмайман. Эрингиз бошқа бир аёлга илакишиб қолган. Ҳаттоки унга уйланмоқчи. Ҳаракатингизни қилмасангиз, ундан айрилиб қоласиз...

Саида фолбиннинг қабулидан чиқиб, қандай уйига келиб қолганини ҳам билмай қолди. Нима бўлиб, шу куни Нодир ишдан эртароқ қайтди. Саида эрини кўрдию жазаваси қўзиб, жанжал билан уйни бошига кўтарди. Ҳовлига чиқиб, турмуш ўртоғига ўзи совға қилган кўйлакларни йиртиб ташлади. Ҳар қайчилаганида, «Ўша уйланмоқчи бўлган суюқоёғингиз оберсин энди»,-дея тўрт томонга жар соларди. Шу пайт уйдан Нодирнинг онаси югуриб чиқди.

Саиданинг қулоғига гап кирмасди. Қайнонасига тик қараб «Албатта, ўғлингизнинг ёнини оласиз-да» деганича ичкарига кириб кетди.

Бу воқеадан кейин Саиданинг ҳаловати йўқолди. Айниқса, ҳамкасби Ироданинг «Эрингни уйимиз олдидаги кафеда бир аёл билан кўрдим. Ҳамкасби билан тушлик қилаётгандир, деб сенга индамагандим» деган гапи дард устига чипқон бўлди.

Саида тўғри Фотима фолбинникига йўл олди. Фолбин уни кўриши билан:

- Хўш, нима бўлди, гапим тўғри чиқдими, деб сўради?

- Ҳа, эрим менга хиёнат қиляпти. Шунга кеч бўлмасидан, уни қайтариб олишимда ёрдамингиз керак.

- Ана энди ўзингга келдинг. Бўшашма. Эрингни ўқиб, албатта, бу йўлдан қайтараман. Ўша аёлнинг уйига борадиган йўлни бутунлай ёпиб ташлайман. Нафақат унга, буёғига бошқа ҳеч кимга қарамайдиган қилиб бераман. Фақат сен ҳамма айтганларимни сўзсиз бажаришинг шарт.

- Сиз нима кераклигин айтинг, ҳаммасини қиламан.

- Эртага турмуш ўртоғинг яхши кўрган нарсалардан, масалан, чой, қаҳва, шакар, шоколад, ўзи ишлатадиган совун, шампунь, сепадиган атири ва кўп киядиган кўйлакларидан олиб кел. Ҳаммасини ўқиб бераман. Ана кейин кўрасан нима бўлишини.

Саида эртаси куни олиб келган нарсаларга фолбин бир нарсалар ўқиб берди. «Худди мен айтганимдай, ўқиган нарсаларимни кўпроқ ичиб, есин. Иложи борича шу кўйлакларни кийиб юрсин. Кийимларини эса фақат шу кукунларга ювгин»,-дея астойдил тушунтирди.

Кунлар ўтиб борарди. Саида ўзини меҳрибон қилиб кўрсатиб, гоҳ ширин чой, гоҳ қаҳва, шоколад билан эрини сийлаб турди. Эрталаблари ишига кузатаётиб, «Мана буни кийинг, сизга бирам ярашади», дея ўқитиб келган кўйлакларни айёрлик билан кийдириб қўярди. Унинг меҳрига жавобан Нодир ишдан эрта қайтиб, хотинига кўпроқ эътибор кўрсатишга ҳаракат қилди. Қилдирган қайтариқларим таъсир қиляпти, деб ўйлаган Саида, дугонасига фолбинни топиб бергани учун миннатдорчилик билдириб, эрини ўзгаргани ҳақида гапириб берди. Дугонасининг «Тез – тез ўқитиб тур, тағин айниб қолмасин» деган гапига кириб, қайта-қайта ўқитиб қайтариқ қилдиришга одатланди.

Қишнинг совуқ кунлари, янги йил тараддудини бошлаган Саида, болалари билан арча ясатарди. Эшикдан Нодир сувга бўккан мушукдек кириб келди.

- Тичликми, дадаси? Нима бўлди? Мазангиз йўқми?

- Соғлиғим жойида.

- Унда ишингизда муаммо чиқдими?

- ... Лавозимимдан четлатишди.

- Вой нега четлатишади?

- Ўзимам хайронман. Нега ишим бирдан орқага кетди. Мени пастки қаватга, оддий ҳисобчи қилиб тушириб қўйишди. Энди таниш-билишларни олдида нима деган одам бўлдим.

- Майли, дадаси, кўп куйинманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, - деб эрини овутишга ҳаракат қилган Саида хаёлида яна Фотима фолбинни олдига бориб, ўқитиб келишни режалаштирди.

- Опажон, сизга катта раҳмат. Ҳамма қилган амалларингизни фойдаси тегди.

- Хурсандман, хўш унда яна нимага келдинг?

- Шу десангиз, эримни иши орқага кетди. Лавозимидан айрилди. Нодир ака буларни ҳазм қила олмаяпти. Турмуш ўртоғим жуда ҳам жиззаки бўлиб қолди.

- Бўлди, тушундим. Ҳозир сенга ўқитилган тумор бераман. Уни эринг ётадиган ёстиқ жилдига солиб қўясан. Фақат эсингдан чиқмасин, у ёстиқда, албатта, эринг ухлаши керак.

- Раҳмат опажон, - дея Саида муаммонинг ечими топилганидан хурсранд бўлиб, уйга шошиб кетди.

Саида худди фолбин айтгандай ёстиқ жилдига туморни билдирмайдиган қилиб солиб қўйди. Ҳеч қанча вақт ўтмай Нодирнинг боши тинмай оғрийдиган бўлди. Ишидаги муаммолар қаттиқ таъсир қилгани учун юрак хасталигига ҳам чалинди. Нодир қилаётган ишини унутиб қўядиган даражада эси кирди-чиқди бўлиб қолди. Саида нималар бўлаётганини тушунмай хайрон эди. Фолбиннинг олдига бориб, гоҳ бошига, гоҳ юрагига ўқитилган гиёҳлар олиб келарди.

Кунларнинг бирида ишдан қайтаётган Нодир кутилмаганда оёғи тойиб, йиқилди. Шифокор унга юришни тақиқлади. Шу сабабли у узоқ вақтгача ишга бормай, уйда ўтиришига тўғри келди.

Бир куни Саида холасининг уйига мавлудга борди. Маросимга келган отинойининг бу галги маърузаси иссиқ-совуқ ва ҳар хил жоду-амаллар тўғрисида эди. Саида маърузани тинглар экан, эрига қилган иссиқ-совуқлари, қайтариқ қилиш учун ичирган, едирганлари қанчалар гуноҳлигини англади. Ушбу амалларни бажарган аёлнинг охирати куйишини эшитиб, юраги бўғзига тиқилди. «Нима қилган бўлсам, эримни қайтариш учун қилдим, жуда гуноҳкормасдирман» дея ўзини овутди.

Меҳмонлар тарқалгач Саида отинойининг ёнига борди.

- Мен оиламни сақлаб қолиш ҳамда эримнинг ишлари юришиши учун қайтариқ қилган эдим, бошқа нарса эмас.

- Айнан нималар қилганингизни айтиб беринг-чи, қизим.

Саида ҳамма қилган ишларини бирин-кетин гапириб берди. Эрининг бошига тушган ташвишларни айтаётганда отинойи гапини бўлди.

- Нималар қилиб қўйганингизни кўрдингизми? Ўзингиз билмаган ҳолда турмуш ўртоғингизга зиён етказгансиз. Иссиқ-совуқнинг, қайтариқларнинг яхши-ёмон ниятда қилингани бўлмайди. Ҳаммаси жуда оғир, кечирилмас гуноҳ. Эрингизнинг ишини орқага кетиши, соғлиғининг ёмонлашуви шу ўқитишларингиздан...

Саида виждон азобида уйга қайтди. Тезда ёстиқдаги туморни ҳамда ҳамма ўқитган чой, шакарларни олиб, ахлатга ташлади. Кечга яқин Нодирнинг касбдоши кўришга келди.

- Нодир яхшимисан, дўстим? Оёғинг яхши бўлиб қолдими?

- Худога шукур, чидаса бўлади. Ишда қандай янгиликлар?

- Зокир сенга таништирган аёл бор-ку?

- Мендан кредит олишга ёрдам сўраганми? Лекин ҳужжатлари талабга тўғри келмаганлиги учун бермагандим.

- Айнан ўзи. Шу аёл кредит бермаганинг учун сенга туҳмат қилиб, лавозимингдан четлатишларига сабабчи экан.

- Ё товба, ўзимам ўйладим, бироз ғалати аёл экан, деб. Кўп маротаба учрашувга чақириб, кўндиришнинг ҳар хил йўлларини қилиб кўрганди.

Саида меҳмонга чой олиб кирмоқчи бўлганда ўзи истамаган ҳолда суҳбатларининг гувоҳи бўлиб қолди. Эри шунчаки танишим деганда алдамагани, умуман хотинига хиёнат қилмагани рост бўлиб чиқди. Саида турмуш ўртоғига ишонмай, фолбинга чув тушганини, эрига иссиқ-совуқ амаллар қилиб, дардга йўлиқтирганини ўйлаб, ичидан титраб кетди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди.

Наргиза Отабекова

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии