41

ҚАСД

МУТОЛАА 17.03.2019, 19:57
9473
ҚАСД



Самад Некном
ҚАСД

Микойилни руҳий касалликлар шифохонасига келини ва ўғли олиб келганди. Ичкари кирганларида, ҳакимга унинг ўзини ўлдирмоқчи эканин айтишди. Микойил эса “энди фикримдан қайтдим, уйга кетмоқчиман” деганди.
Ҳамшира ўз ишларини битириб, Микойилга қарата:
Сиз бош ҳаким билан гаплашиб кўринг, — деди. — Ҳаким сизни текширмай туриб, уйга рухсат беролмаймиз.
Ҳаким ҳамширадан янги беморнинг истаги ҳақида эшитиб, бироз бош қашлаб турди:
— Беш ўн дақиқа кутиб турсин, ўзим текшириб кўраман.
Бемор нега бунча уйига ошиқмаса? Балки чала қолган ишини битирмоқчидир? Йўқ, агар ўзини ўлдирмоқчи бўлса, шу ерда ҳам бир бало қилиши мумкин. Шу сабабли ҳаким қўлидаги ишини чала қолдириб, бемор ётган хонага ошиқди.
Ҳаким хаста ётган хонага кирганида, яна икки кишининг унинг тепасида ўтирганини кўрди. Улардан бири беморнинг ўғли, наригиси эса, келини экан.
— Мумкин бўлса бемор билан холи гаплашсам, — деди ҳаким ва қўлидаги журналга текилди:
— Микойил... – деди ўзига-ўзи гапиргандек. Беморнинг киприклари пирпиратди. Ҳакимнинг қарашлари, елкасига тушган оқ сочлари Микойилнинг диққатини тортди: тажрибали ҳакимга ўхшайди. Бунинг қўлидан қутулиш осон кечмайди. Демак, бу кечани руҳий касалликлар шифохонасида ўтказишги тайин. Охир хўрсиниб бошини қуйи солди.
— Хўш, Микойил оға, бу ерга нима учун келдингиз? – сўради ҳаким бошини журналдан кўтариб.
— Мен келмадим, ўғлим билан келиним олиб келишди, — ердан кўз узмади Микойил.
— Нима бўлганди ўзи? Нимага ўзингизни ўлдирмоқчи бўлдингиз?
— Аёлимнинг вафотидан кейин дунё кўзимга тор кўриниб кетяпти. Яшашга кучим етмаяпти, чарчадим, бу ҳаётда мен учун қизиқарли нарсани ўзи қолмади. Сўнгги пайтларда яна анча-мугнча ишлар бўлди. Тоқатим қолмади. Ниҳоят ўзимни осишга қарор қилдим.
— Ҳалиям шу фикрдамисиз ё қайтдингизми?
Микойил бир дақиқа жим қолди.
***
— Икки марта қатъий қарорга келгандим. Ҳар икковида ҳам ип узилиб кетди. Учинчи мартасига итнинг ипини қўлимга олдим. Ит буни кўриши билан “соҳибим мени далага олиб чиқмоқчи шекилли” деб думини ликиллатганча ортимдан эргашди. Дала четидаги эски оғилхонага кириб, шифтга ипни боғламоқчи бўлдим. Ит мендан кўзини узмай турарди. “Ўзимни ўлдирсам, бу жонивор нима қиларкин?” деган хаёлга бордим. Лекин яшагим ҳам келмасди. Яна итимнинг бўйнидан қучдим. Ҳўнг-ҳўнг йиғладим. “Мени кечир, яшагим келмаяпти” деб шифтга қарадим. Атайин қилингандек, шифтдан темир илгак туртиб чиққанди. Бир пайт қарасам, оёғим остида турган ип ҳам, ит ҳам йўқ. Беш-олти дақиқадан кейин қайтиб келди. Лекин оғзида ип йўқ эди. Худди шу пайт келиним қўнғироқ қилиб қолди. “Ота, кечки овқатни биз билан бирга қилсангиз?”
Ўғлимникига йўл олдим. Ит ҳам ортимдан эргашди. Бир пайтлар уни то бўйнидан боғлаб қўймаса, дайдиб аллақааёқларга кетиб қолар, бир-икки кунлаб йўқолиб кетарди. Ҳозир эса...илгаригидек ўйноқилиги қолмаган, бошини қуйи солганча қадам-бақадам мени таъқиб этарди.
Келиним тавозе билан қарши олди. Ўғлим ҳам уйда экан. Аввал менга, кейин орқамда турган итга қаради.
Биз ичкари кирдик. Ит остонада узанганча мендан кўз узмасди. Ҳар ҳар замонда ниманидир эслатмоқчидек бир ғингшиб қўярди. Жимгина овқатландик. Ўғлим қаршимда ўтирганча мени зимдан кузатарди:
— Ота, сизга нима бўлди? – сўради кўзларини мендан узмай.
Ўзимни тутолмай йиғлаб юбордим. Келиним сув олиб келди. Икколвшиб мени тинчлантирган бўлишди.
— Гапирсангиз-чи? – деди ўғлим.
Ҳаммасини – кейинги кунлардаги маҳзун кайфиятимни, икки марта ўзимни осганим ва ип узилиб кетганини, учинчисида ит ипни опқочиб кетганини айтиб бердим. Ит ҳам худди шуни кутиб тургандек ўрнидан туриб, ташқарига отилди. Иккови мени жим ўтириб эшитишди. Кейин ўрнидан туриб, менга яқинлашди.

— Ота, сизни бир дўхтирга кўрсатмасам бўлмайди.
— Йўқ ўғлим, кетмайман, - дедим ёш боладек тирғалиб. – Бошқа бундай қилмайман.
— Ота, барибир боришингиз керак, дўхтирлар сизни бир кўриб қўйишади. Дарров қайтамиз.
Ўғлим дарҳол шифохонага қўнғироқ қилди. Зум ўтмай эшик оғзида турган икки бақувват тиббиёт ходимини кўриб, бўйсунишдан бошқа чора топмадим...
***
Ҳаким Микойилнинг гапларини бўлмасдан эшитди.
— Ўғлингиз ва келинингиз тўғри айтишибди, - деди беморни яна бир бор кўздан кечираркан. – Сиз даволанишингиз керак. Камида бир йил бизнинг назоратимизда бўласиз. Уйга кетганингиздан кейин ҳам тез-тез йўқлаб турамиз. Насиб қилса оёққа туриб кетасиз.
— Энди уйга кетаверсам майлими? – сўради Микойил.
— Шу ерда қолганингиз маъқул эди. Нега бунча уйга шошилмасангиз?
— Болаларимни хавотирга қўйдим. Кейин итим ҳам... Унга ким қараяпти, билмадим. Менинг тирик эканимни кўрсин.
Ҳаким яна бир бор беморни назардан ўтказиб, ишнч билан бош ирғади.
— Майли, фақат эртага соат 11 да шу ерда бўлишингиз шарт.
Бемор хурсанд бўлиб, текширув хонасидан чиқди. Беморнинг ўғли ва келини уни коридорда кутиб туришарди. Улар савол аломати қоришиқ нигоҳларини ҳакимга қадашди.
— Хавотир олманглар, отангизнинг руҳий аҳволи яхши. Эртага олиб келасизлар.
Микойил ўз уйига шошиларди. У итини кўришни истарди. Жонивор ўғлининг дарвоза олида узаниб ётган экан. Уни эргаштириб ўз уйига йўл олди. Каравотга чўзилиши билан тахтадек қотди.
Эрталаб уйғонганида ит бошининг устида турарди. Итнинг бўйнидан қучоқлаб йиғлади.
— Бўлди жонивор, энди бунақа бемаънилик қилмайман, — деди унинг пахмоқ жунларини сийпалаб.
Ит шу заҳоти ортига бурилди. Микойилнинг чақириғига ҳам қулоқ осмай кўчага отилди. Бироздан сўнг яна пайдо бўлди. Оғзида ўзининг эски, пишиқ арқонини тишлаб турарди....

Р.Жабборов таржимаси.

*****

Самад Некном 1963 йилда Эрон Ислом Республикасининг Ардабил вилоятида туғилган. 1994 йилда Бокудаги Озарбойжон тиббиёт университитети, 2011 йилда Швециядаги Линкоипнг тиббиёт университетини психиатрия йўланиши бўйича тамомлаган. Узоқ йиллардан бери тиббий фаолият билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб келади. Бир қатор китоблари чоп этилган. Айни пайтда Швецияда истиқомат қилади.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+9° ясно
Курсы валют
9455.24
USD 21.9
10438.58
EUR 84.55
147.25
RUB 1.5
rightuz