Му5
50

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси муносабатлари алоҳида стратегик шериклик мақомига кўтарилди

СИЁСАТ 19.04.2019, 15:25
997
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси муносабатлари алоҳида стратегик шериклик мақомига кўтарилди

Самарали музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.

Ҳукумат ва вазирликлар ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, тинч мақсадда фазони тадқиқ этиш, фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Корея марказини ташкил этишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Президентлар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида кечган музокаралар натижаларидан мамнунлигини алоҳида таъкидлади.

– Мулоқотларимиз Ўзбекистон билан Жанубий Кореянинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига тўла мослигини, халқаро ва минтақавий муаммолар, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича позицияларимиз яқин эканини намойиш этди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун имзоланган Алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилганини кўрсатади.

– Дунёнинг диққат марказида бўлиб келаётган Ўзбекистон Президентига чуқур ҳурматимни билдираман. Шавкат Мирзиёев ҳамма соҳалардаги – сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаётга доир ислоҳотлари билан Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичи сари етакламоқда. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтардик. Уни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўналишларини муҳокама қилиб, истиқболли келишувларга эришдик, – деди Мун Чжэ Ин.

Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳаларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича битимлар имзолангани алоҳида таъкидланди.


Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+1° пасмурно
Валюта курси
rightuz