Му5
44

Ўзбекистон Президентининг Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

СИЁСАТ 23.04.2019, 21:28
900
Ўзбекистон Президентининг Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президентимиз Қозоғистон раҳбарини жорий йил 9 июнь куни ўтказилиши режалаштирилган навбатдан ташқари Қозоғистон Республикаси Президенти сайловига номзод этиб илгари сурилгани билан қутлади ва ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг ўтказилишида муваффақият тилади.

Давлат раҳбарлари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил 14-15 апрель кунлари Ўзбекистонга илк давлат ташрифи натижаларини юксак баҳоладилар.

Эришилган келишувларни ҳамда саноат, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни изчил амалга ошириш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм йўналишларида фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ишбилармонликка оид тадбирлар ва маданий-гуманитар алмашинувларга бой дастури қардош халқларимизнинг янада яқин бўлишига хизмат қилиши таъкидланди.

Қозоғистон Президенти табрик ва самимий тилаклар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни стратегик шериклик, кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига таянган ҳолда мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаати йўлида янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+7° дымка
Валюта курси
rightuz