Sevimli

Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошидаги клиникада йилига 1,5 мингдан ортиқ беморларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда

ЖАМИЯТ 01.12.2014, 15:22
Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошидаги клиникада йилига 1,5 мингдан ортиқ беморларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда

1 декабрь – Халқаро ОИТСга қарши курашиш куни. Мамлакатимизда ушбу касалликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2013 йилда “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди, дея хабар беради uz24.uz нашри.

ОИВ инфекцияси профилактикаси, ташхиси ва даволаш бўйича тадбирларни амалга ошириш мақсадида 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган Стратегик дастур амалга оширилмоқда. Ушбу дастур аҳоли, айниқса, ёшлар орасида эпидемик вазиятни муқобиллаштириш, унинг ижтимоий зарарларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи асослари, зарарли одатларнинг оқибатлари, ОИВ инфекцияси ва унинг профилактикаси бўйича хабардорлигини ошириш юзасидан оммавий тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Бугунги кунда Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳри ОИТСга қарши кураш марказлари учун янги бинолар қурилди, қолган барча ОИТСга қарши кураш марказларининг бинолари капитал таъмирланди. Бу тадбирлар учун давлат бюджетидан 13 млрд. сўм сарфланди.

14 та ҳудудий ОИТСга қарши кураш маркази лабораторияларига умумий қиймати 7,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган юқори технологияли ПЗР жиҳозлари, цитофлюориметрлар ва бошқа (21 номдаги) лаборатория жиҳозлари келтирилди.

Беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини яхшилаш борасида Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида 60 ўринга мўлжалланган клиника ишга туширилди. Бу бинони реконструкция қилиш учун Глобал жамғарма ҳисобидан 1,2 млн. АҚШ доллари сарфланди. Айни пайтда бу ерда ОИВ инфекциясининг оғир асоратлари бўлган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун клиникага Жаҳон банки лойиҳалари ҳисобидан қиймати 300 минг АҚШ долларига тенг замонавий тиббий ускуналар ўрнатилди. Клиникада йилига 1,5 мингдан ортиқ беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шарҳлар