Долзарб мавзулар Фото

Жиноят-процессуал кодекси такомиллаштирилишининг қандай афзалликлари бор?

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 15.07.2019, 11:56

Республикамизда жиноий ҳуқуқий соҳада бир қатор ижобий ўзгартиришлар киритилиб, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди. Юқоридаги ислоҳотларни давом эттириб, жиноят ва жиноят-процессуал кодексининг замон талабларига жавоб берадиган тарзда янги таҳрирдаги лойиҳасини тузиш бўйича Муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари асосида ишчи гуруҳ фалият олиб боряпти...

“...Республикада жиноят содир этган шахслар сонининг камайишига олиб келади”

Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг Махсус қисми 9-бўлим 41-боби жиноят ишини қўзғатиш масалаларига бағишланиб, жиноят ишини қўзғатиш билан боғлиқ бир қатор ҳаракатларни тартибга солади. Шулар қаторида ЖПКнинг 325-моддасида белгиланган “Жабрланувчининг шикояти асосида жиноят иши қўзғатиш” институти ҳам мазкур бобга киритилган бўлиб, Жиноят кодексида содир этилган қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бир қатор ижтимоий ҳавфли қилмишлар учун фақатгина жабрланувчининг айбдор шахсни жавобгарликка тортилишини сўраб берган шикоят аризаси асосидагина жиноят иши қўзғатилиши лозимлиги тартибини белгилайди.

Жиноят процессуал қонунчиликда ушбу тартибнинг жорий этилгани мамлакатда жиноятчиликнинг сунъий ошиб кетишини олдини олиб, республикада жиноят содир этган шахслар сонининг камайишига олиб келади.

Мазкур жабрланувчининг аризаси асосидагина қўзғатилиши лозим бўлган жиноят турларини таҳлил қиладиган бўлсак, унда Жиноят кодекси 105-моддасининг 1-қисми, 109-моддаси, 110-моддасининг 1-қисми, 111-моддаси, 118-моддасининг 1-қисми, 119-модданинг 1-қисми, 121-модданинг 1-қисми, 136-моддаси, 139-моддасининг 1- ва 2-қисмлари, 140-моддасининг 1- ва 2- қисмлари, 149-моддалари киритилган бўлиб, ушбу моддалар асосан айбдорнинг онгида кутилмаганда юзага келиб, унинг иродасизлиги, эҳтиётсизлиги ёки бошқа бирор-бир сабаб натижасида содир этилади ва амалиётда аксарият холларда жиноят содир этишга туртки бўлган “куч” сўниши билан айбдор қилган ишининг моҳиятига тушуниб етгач жуда қисқа вақтда қилмишига пушаймон бўлади. Жабрланувчи билан ярашиш ёки ундан кечирим сўраш чораларини кўриб, унга етказилган зарарни бартараф этади. Юқорида кўрсатилган ҳолларда жабрланувчининг ўзи ҳам жиноят содир этилишига унинг ғайриқонуний ёки ахлоққа зид хулқ атвори, ёки айбдорнинг ҳиссиётга чуқур берилиши сабаб бўлганини тушуниб етиб, айбдор билан келишиб у билан ярашишга рози бўлиши оқибатида жиноят иши қўзғатилмай туриб қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотади. Мазкур ҳолатда жабрланувчининг аризасисиз жиноят иши қўзғатилиши мамлакатда жиноятчиликнинг сунъий ўсиб кетиши, жиноят содир этган шахслар сонини ортиши, ХМҚОнинг кучларидан ўринсиз фойдаланилишига олиб келиб, халқ (жабрланган ва айбдор шахс)нинг манфаатларига путур етказиб уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун қонун чиқарувчи юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, кўрсатилган салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу институтни жиноят-процессуал қонунчиликка киритилиши жамиятда қонун устуворлиги ва қабул қилинаёган қонунларнинг халқни ўйлаб, уларнинг талаблари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, уларнинг манфаати йўлида қабул қилинаётганини яна бир исботи.

“Жиноятчилик сонининг сунъий ошиши, ортиқча куч ва вақт сарфланишига олиб келади”

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, аҳолининг онги ва ҳуқуқий маданиятининг ошиб бориши натижасида ЖПКдаги “Жабрланувчининг шикоятига асосан жиноят иши қўзғатиш” институтини янада такомиллаштириб, ушбу нормада назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмишлар турини кўпайтириб, унга Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” жиноятини ҳам қўшилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Биринчидан, ушбу жиноят эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, амалиётда аксарият ҳолларда жиноятни содир этган шахс ўз айбини тушуниб, жабрланувчи билан ярашиб уларга етказилган зарарни бартараф этиши натижасида қўзғатилган жиноят ишлари ЖПКнинг 584-моддасига асосан тамонларнинг ярашилгани муносабати билан тугатилади. Бу эса ўз ўрнида мамлакатда жиноятчилик сонининг сунъий ошиши, ортиқча куч ва вақт сарфланишига олиб келади.

Иккинчидан, амалиётда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганидан кейин ўзаро ярашган томонлар мазкур холат юзасидан жиноят иши қўзғатилганидан норози бўлиб, халқнинг давлат органларига бўлган ишончини камайишига олиб келади.

Учинчидан, мамлакатда жиноят содир этган шахсларнинг сонининг ортишига олиб келади.

Тўртинчидан, мазкур жиноят содир этгандан кейин жабрланувчи ва айбланувчи ўзаро келишгани сабаб, ўзаро бир-бирларига нисбатан жиноят иши қўғатишни хоҳламаганликлари туфайли бўлган ҳолатни яшириб, йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган вазиятда реал ҳолатни яшириб, жабрланувчи томон гўёки йиқилиб тушганини ёки бошқа бирор важларни кўрсатиб, терговни чалғитишга ҳаракат қилиш каби ҳолатлар юзага келмоқда. Жиноят кодекси 266-моддаси 1-қисмини ҳам ЖПКнинг 325-моддасида кўрсатилган моддалар сафига киритилиши юқорида кўрсатилган салбий ҳолатларни олдини олишга хизмат қилган бўлар эди.

Мансурбек Худойбердиев,

Ғиждувон тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант
Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии