Бугун, 6 сентябрь куни, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида судланувчилар Ғолиб, Жаҳонгир Усмонов, Шамшиддин ва Хабибулло Нурмановга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди...
Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Икром Муслимов раислигида ҳамда судьялар О. Арабов ва Э. Эргашевдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.
Маълумот ўринда:
- Ғолиб Ташанов — 1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - ўрта, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишси;
- Жаҳонгир Усмонов — 1993 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз;
- Шамшиддин Эсонбоев — 1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - ўрта, уйланмаган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз;
- Хабибулло Нурманов — 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, уйланмаган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра,
Ғ. Ташанов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 270-моддасининг 1-қисми ва 273-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб оқланди ва жиноят ишининг шу қисми тугатилди.
Ғ. Ташанов, Ж. Усмонов, Ш. Эсонбоев ва Х. Нурмановнинг айбидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “о” банди ҳамда “п” бандидаги қасддан одам ўлдириш жиноятининг “уюшган гуруҳ аъзолари томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда” содир этишда ифодаланган малакаловчи белгиси чиқарилди.
Ғ. Ташанов, Ж. Усмонов, Ш. Эсонбоев ва Х. Нурмановнинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 164-моддаси 4-қисмининг “в” бандидан, ЖКнинг 33-моддаси талабларига мувофиқ, Жиноят кодекси 164-моддаси 3-қисмининг “в”, “г” бандларига, Жиноят кодекси 267-моддаси 3-қисмининг “б” бандидан Жиноят кодекси 267-моддаси 2-қисмининг “б” бандига қайта квалификация қилинди.
Тўртта жиноятчи ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а”, “в”, “ж”, “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 3-қисмининг “в”, “г” бандлари, 267-моддаси 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, ўташ учун узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо махсус тартибли жазони ижро этиш колониясида ўтаттириш белгиланди.
Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
Азиз Обидов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
раҳбари вазифасини бажарувчи